ҒОЛИБ ВА СОВРИНДОРЛАР МУНОСИБ ТАҚДИРЛАНДИ

Image_tadbir: 

2018 йилги вилоят “Умид ниҳоллари” финал ўйинларида жуда муваффақиятли қатнашдик. 16 шаҳар, туман жамоалари ўртасида умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳридан кейин фахрли иккинчи ўринни қўлга киритдик. Агар буни туманлар бўйича ҳисобласак, биринчи ўрин дегани. Спортчиларимиз доимо биздан олдинда бўлган Жомбой, Паст Дарғом, Каттақўрғон туманлари спортчиларини ортда қолдиришди.

Бундай ютуқлар замирида заҳматкаш мураббий ва спортчиларимизнинг катта меҳнати мужассам.

Белбоғли кураш бўйича Баҳром Тоштемиров (127 мактаб), таэквондо-WTF йўналиши бўйича Табассум Шойзоқова (121-мактаб), Оғабек Хурсандмуродов (24-мактаб), ўзбек жанг санъати бўйича Муҳаммаджон Рустамов, Ислом Нурмуҳаммедов, Абдулазиз Мухторов (1-мактаб), Моҳинур Тиркашова (143-мактаб)лар биринчи ўринни эгаллаб, “Умид ниҳоллари - 2018” мусобақаларининг чемпионлик унвонига сазовор бўлдилар.

Жамоавий спорт турлари бўйича илгарилари 6-10 ўринларни қўлга киритардик. Жамоамиз фақатгина волейбол бўйича совринли ўринни қўлга киритарди.

Бу йилги мусобақаларда баскетболчи ўсмирлар, волейболчи қизлар иккинчи, волейболчи ўғил болалар, теннисчи, бадминтончи, турон курашчиларимиз фахрли учинчи ўринга сазовор бўлдилар.

Шунингдек, кураш, белбоғли кураш, эркин кураш, дзюдо, юнон рум кураши, таэквондо-WTF, ўзбек жанг санъати бўйича ҳам кўплаб кумуш ва бронза медаллар ургутлик спортчиларга насиб этди.

Бу ютуқларни қўлга киритишда 1-болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Ойбек Ҳакимов, шунингдек, Ўктам Шарипов, Телъман Аҳадов, Ҳусниддин Хурсандов, Сайфиддин Қўчқоров, Мафтуна Бердиқулова, Навбаҳор Каримова каби мураббийларнинг хизматлари каттадир. Қолаверса, терма жамоаларни шакллантириш, уларнинг машғулотларини ташкил этиш, ўртоқлик учрашувларини ўтказишда “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти раиси ўринбосари Муртазо Ҳамроевнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш лозим.

31-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби концерт залида “Умид ниҳоллари - 2018” ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда туманимиз спорт салоҳиятини намоён эта олган 80 дан зиёд спортчилар, уларнинг мураббийлари қатнашди.

Туман ҳокимининг ўринбосари И.Жабборов сўзга чиқиб, совриндорларни, уларнинг мураббийларини юксак ғалабалар билан қутлади. Ёш спортчиларнинг Ургут спорт шарафини янада юксакларга кўтаришида муваффақиятлар тилаб, терма жамоаларга муносиб раҳбарлик қилган Муртазо Ҳамроевга туман ҳокимлигининг ташаккурномасини топширди.

Туман Халқ таълими бўлими мудири С.Аҳмедова, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси ў.Жабборов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Н.Умаровлар ҳам спортчилар ва уларнинг мураббийларига фахрий ёрлиқ ва совға-саломлар туҳфа этишди.
Жасур МАМАДАМИНОВ

2015-2024 © GOVERNMENT OF URGUT DISTRICT. Maked by: SAKTRM
95x15