УРГУТ - ТАДБИРКОР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ЮРТИ

Микроавтобус Ургут сари ўрлаб бормоқда. Машина олдга интилган сайин рўпара-даги баланд тоғлар югуриб қошингга пешвоз чиқаётгандек туюлади.
Машина ойнасидан лип-лип ўтаётган катта-кичик иморатларга, сўлим боғларга қараб-қараб бораётиб, туйқус хаёл опқочди: бундан эллик-олтмиш йил бурунги воқеалар илкис эсимга тушди. Болалик манзаралари кўз олдимда шу қадар аниқ, шу қадар тиниқ жонланиб кетдики, отамнинг:
- Болаларим, тез туринглар, бозорга кеч қоласизлар! - деган сўзлари шундоқ қулоқларим остида жаранглаб кетгандек бўлди гўё. 
Отам бизни худди шундай ташвиш билан уйғотган пайтда, жумлаи жаҳон ҳали сокин тун оғушида роҳатланиб ётган, Сурайё юлдузлари чўққилар орасидан энди-энди мўралаётган қоқ ярим кеча бўларди. Мен кўзимни очгим, кўрпадан чиққим келмай бир муддат карахтланиб турар ва отамнинг ҳайқириғи иккинчи марта эшитилиши ҳамон сапчиб туриб кетардим. Ака-ука тура солиб кийинар, юз-қўлимизни чала-чулпа ювар-ювмас, отам ҳар бирининг устига икки қанордан сомон ортиб қўйган эшакларни халалаб, йўлга тушардик “Қайдасан, Ургут!”, деб.
Мен таваллуд топган Қулқишлоқ қишлоғи билан Ургутнинг ораси роппа-роса 16 чақирим - фажр палласигача шу масофани босиб ўтмасанг, сомон бозори тарқаб, молингни сотолмай, сарсон бўлишинг аниқ - шошилиш шарт, шошмасанг армонда қолардинг. Қачонлардир шунчаки, хўжакўрсинга тош тўшалган эгри-бугри йўл эса тупроқ, чанг ва кимсасиз; ёз чилласи тупроқдан ҳил чиқади: то Ургут биқинидаги Мерганча қишлоғига довур на бир уй бор, на бир қўналға - бийдай дашту далалар ўртасида ҳурпайиб турган бир туп қайрағоч тун соясида эртаклардаги девдай қўрқинчли кўринади. Ҳафтасига икки марталаб гоҳ эшакда, гоҳ эшак аравада бориб келавериб, теварак-атроф ўзингникидай бўлиб қолган эса-да, зим-зиё тун ваҳимаси қутқу солади юракка. Бунинг устига, изғиринли ялдо тунлари гоҳ чиябўрилар галасига, гоҳ илиққан, гоҳ дайдиган итлар ҳужумига дуч келиб қолиш хавфи ҳам эҳтимолдан узоқ эмас...
Ҳозирги ёшларга шуларни айтсанг, маталингизни қўйинг, дейишига заррача шубҳам йўқ. Шундай шубҳанинг йўқлиги, бу ёшлар бизнинг эртакларга ишонмагани қандай соз, қандай гўзал! Кўрмаган-да, Тангрига тавалло қилайликки, ҳеч қачон кўришмасин. Икки қанор сомоннинг пулига эҳтиёж қолмагани, икки қанор сомон пули зора рўзғоримнинг йиртиғига ямоқ бўлса, дейдиган оилаларнинг йўқлиги эса барисидан-да улкан қувонч, улкан бахт!
Ўша замонларда бизнинг ёш вужудимизга қўрқув сол-ган бийдай дашту далалардан энди асар ҳам қолган эмас. Бу жойларнинг бугунги эгаси - фермерлардир. Бир томонда интенсив технология асосида мевазор боғлар; тоғ этакларидаги лалми ерларда узумзорлар, ёнғоқзорлар, пистазорлар; бир томонда картошка, пиёз, помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири - дастурхонга керакли ноз-неъматларнинг ҳамма-ҳаммаси етиштирилмоқда, ана шу хўжаликларнинг фидойи деҳқонлари томонидан. Собиқ даштни ханжардай кесиб ўтган йўлнинг икки қанотида кўзни қамаштиргувчи манзаралар жилоланади: янги лойиҳалар асосида барпо қилинган турнақатор уйлар, маданий-маиший бинолар, савдо-сотиқ дўконлари, катта-кичик корхоналар... 
Яқин-яқингача оддий ангушвонани четдан олиб келган Ургутда бугун қурилиш материаллари, сунъий ва синтетик чиқиндилардан нотўқима мато ва пластик маҳсулотлар, пахта толасидан газламалар, полиуретан хомашёсидан сунъий тери маҳсулотлари, чирой-у чидамда Бельгия, Туркия, Эрон, Италия каби мамлакатларникидан қолишмайдиган ранг-баранг гиламлар, спорт ва болалар кийимлари, тиббий буюмлар ҳам шу ернинг ўзида тайёрланмоқда. Қозон, товоқ, тоғора, патнис, газ плиталари, кир ювиш машиналари, кабель маҳсулотлари-ю ток кучайтиргичлар, электр чироқ, антенна, чанг-ютгич, атир-упа... санаб, саноғига етолмайсан, Қисқаси, тайёрланмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Асалари, парранда, гўшт-сут маҳсулотлари, ҳатто балиқчилик ҳам ривожланиб кетди. Иссиқхоналарда баҳордан қишгача лимондан бодринг-помидоргача ғарқ пишиб ётибди.
Ургут шажарасининг тушига кирмаган мақомотларни кўриб-кўриб ўсаётган ёшлар учун бизнинг хотиралар - эртак, эртакдан бошқа нарса эмас-да, албатта! Рос-ти, ўтмишнинг баъзи манзараларини эсласанг, куларингниям, йиғларингниям билолмай қоларкансан, ҳатто ўзинг ҳам: тамаки тизадиган оддий сим игна деган матоҳ нима бўпти? Бор-йўғи ярим қулоч бир чети тешик сим. Шу сабилни тайёрлашгаям эватайи йўқ эди-да, Ургутимизнинг! Тасаввур қилинг, минг-минг тонналаб тамаки етиштирадиган маконга, ҳар куни сувдай зарур бўладиган тамаки игна аллақаерлардан келтирилса-я! Ўйласанг, ўйлаган сайин ичинг эзилади.
Эсласанг, олис замонлар қаъридан лоп этиб чиқиб, бошқа маконга кириб қолгандек бўлади киши. Бундай ҳолат фақат мендамикин, ёки... деб Маматқул акага гап отдим, ё, фалаксан! Маматқул ака: “Ҳув, тоғ этагида узун сўқмоқ йўл бор эди, ўша сўқмоқдан Зинак, Хўжайдуқ, Бойқишлоқ, Камангарон, Вағашти қишлоқларини оралаб, Ургутга сомон сотгани борардик”, - деса-я! “У сўқмоқлар аллақачонлар катта-катта кўчаларга айланиб кетган” - деб қўшиб қўйди Маматқул ака.

Ҳа, у йўллар ҳам, бу йўллар ҳам энди тамомила бошқача: равон, кенг, ораста, асфальт. Тўғри, олам - гулистон, дегани эмас бу, ҳали ўйдим-чуқур, таъмир талаб кўчалар оз эмас.
Йўллар нимаси биландир инсон умрига ўхшаб кетади, эҳтимол, жудаям унақамасдир, аммо шундай туюлади менга. Нега десангиз, йўл-лар нафақат одамни манзилига элтади, балки олам-олам хотираларни жонлантиради, ўтган умрингдан алёрлар айтади, армонларингдан, қувончларингдан қиссагўйлик қилади, бажарган бажаролмаган юмушларингни, ютуқларингни, хатоларингни, дўсту биродарларингни эсга туширади, мулоҳаза юритишга, тафаккур қилишга ундайди.
Қуддус Асқаров, Исоқ Очилов деган дўсти ҳабибларим бор Ургутда. Биттаси анча йил туман маорифчиларига раҳбарлик қилган, биттаси дўхтир. Икковиям ҳозир ўзимизга ўхшаган пенсионер. Аммо туманда бўлаётган воқеаларнинг ҳаммасидан бохабар.
- Ургутимиз азал-азалдан саркаш чашмалар-у, салсабил булоқлар салтанати, - деди яқинда учрашганимизда Қуддус Асқаров тўлиб-тошиб. - Юзлаб турнакўз булоқлар қайнаб ётибди тоғу тошлар орасида. Аммо йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ургутда эркин иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисидаги фармонининг қабул қилиниши туманда, сиз газетчилар тили билан образга солиб айтганда, яна юз-юзлаб булоқлар силсиласининг кўзларини очиб юборди.
- Камолиддин Сатторов деган укахоним бор, “LIBELLIUS PHARM” МЧЖ раҳбари, - деб суҳбатни давом эттирди Исоқ Очилов. - Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқармоқчи. “URGAZ CARPET” МЧЖ раҳбари Хуршид Лутфуллаев, “IDEAL ELEKTRO LYUKS” МЧЖ раҳбари Соҳиб Азимов, “SAM NEGIN” МЧЖ раҳбари Абдурашид Турсуновларнинг лойиҳалариям жуда салмоқли.
- Энг қувончлиси биласизми нима? - суҳбатни илиб кетди Қуддус. - Фармон шарофати билан газ, электр, телекоммуникация, сув таъминоти тубдан яхшиланмоқда. Уёғини сўрасангиз, Ургутга поезд келади! Ана шунда томоша қиласиз Ургутнинг гуркираб яшнашларини!..
Мамлакат Президентининг юқоридаги фармони Ургутда йиллар мобайнида мужгонларини чим қоплаб ётган яна бир хазина - маҳзанул-асрор - туризм булоқларининг кўзларини очиб юборгани билан ҳам тарихий аҳамиятга эгадир. Ахир, Ўзбекистон Швейцарияси дея улуғланувчи бу маконда ўнлаб бир-биридан мафтункор манзиллар, тарихий масканлар мавжудлиги азал-азалдан Мағрибу Машриққа аён-да! Аммо эътибор берадиган мард топилмагани туфайли ётарди ўз Колумбини кутиб. Президент фармонидан сўнг одамлар тийнатида ҳам уйғониш, шоҳона шижоат, ғурур, ифтихор жўш урди. Ургут заминининг олис пучмоқларида ҳам тасвиру тафсилига қалам ожизлик қиладиган ишлар қизиб кетди. Ана-мана дегунча қаровсиз ётган зиёратгоҳлар ободонлаштирилди. Экотуризм бўйича Омонқўтон массивидаги Тахтақорача довони ва Ургут шаҳридаги “Чор чинор” зиёратгоҳи ҳамда яна ўндан ортиқ туристик объ-ектлар замонавий талаблар асосида қайта реконструкция қилинади. Машина аллалашига ошуфта, пойимизда ялтираб ётган йўллар Ургутдаги ана шундай мунаввар юксалишлар, Ургут ва ургутликлар ҳақида бир-биридан сурурли алёрлар айтаётгандек туюлади.
Туғёнли бу алёрлар Ургутдаги беқиёс ўзгаришлардан бир шингил, бир парча, холос. Алёрлар ўланларга, ўланлар достонларга айланади ҳали. Йўллар эса шоҳиста қўшиқлари, музаффар қиссалари билан йўловчилар қалбини соҳир хаёлларга чулғаб, суманбар севинч гулларига кўмаверади...
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

2015-2024 © Хокимият Ургутского района. Разработан в: SAKTRM
95x15