Қурбон Ҳайитини уйларимизда нишонлаймиз

Ҳаж ойи ҳисобланмиш Зулҳижжа ҳам бошланиб, яна икки кундан сўнг бутун Ислом оламида Қурбон ҳайити катта байрам қилинади. Юртимизда байрамлар кўп: ҳар бирининг ўз таровати, шукуҳи ва қадри бор. Илло, диний байрамлар – Рамазон ва Қурбон ҳайитининг сурури ўзгача. Айниқса, бу қутлуғ саналарда халқимизга хос меҳр-шафқат, саховат ва мурувват, қаноат ва шукроналик туйғулари янада жўш уради.
 
 
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 июлда эълон қилинган «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида байрамни уйларимизда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, миллий анъана ва урф-одатларимизга мос равишда ўтказамиз. Ушбу маросим моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик фазилатларини фарзандларимиз онгу шуурига сингдиришдек эзгу ғояларни тарғиб этишга жиддий эътибор қаратамиз, иншоаллоҳ.
 
Ҳайит кунлари қилинадиган яна бир вазифа – меҳрга ташна инсонларга байрам кайфияти улашиш, уларни хушнуд қилишдир. Айниқса, шифохоналарда ётган беморларни ғойибона бўлсада, тезроқ соғайишларини тилаб дуолар қилиш зарур.
 
Бугун бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам коронавирусга қарши кураш олиб бориляпти. Кўзга кўринмас офат бизнинг имкониятларимизни чеклаётган бўлиши, уйларимизда қолишга мажбур қилаётган бўлиши мумкин. Лекин асло хайрли амалларимизга, дуоларимизга тўсиқ бўла олмайди.
 
Бугунги файзли, шукуҳли кунларда, улуғ айёмларда халқимиз, нуроний отахонларимиз Яратганга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ дуою илтижолар қилишиб, эл-юртимиз бошига тушган бу бало тезроқ даф бўлишини, соғлиқ, тинчлик ва офият барқарор бўлишини сўрашмоқда.
 
Қурбонлик – савоби улуғ ибодат. Иброҳим алайҳиссалом давридан бери ҳар йили бутун Ислом оламида ушбу ибодат кенг нишонлаб келинади. Бу ибодат «Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар сураси, 2-)ояти каримаси билан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатига ҳам жорий этилган.
 
Набий алайҳиссалом: «Кимки хурсандчилик билан савоб умидида қурбонлик қилса, қурбонлик у учун дўзахдан парда бўлади» (Имом Табароний ривояти), деб марҳамат қилганлар.
 
Бошқа бир ҳадисда эса: «Ҳеч бир кун ва унда қилинган бирорта амал Аллоҳнинг наздида Зулҳижжа ойининг ўн кунида қилингандан буюкроқ ва Унга маҳбуброқ эмас. Бас, бу кунларда таҳлил, тасбеҳ, такбир ва таҳмидни кўп айтинг», дейилган (Имом Байҳақий ривояти).
 
Шунингдек, бу айёмларда имкони етган кишилар қурбонлик қилишлари энг афзал ибодатдир. Аллоҳ таоло Қурбон ҳайити куни бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган.
 
Қурбонлик диний ибодат бўлиши билан бирга унинг ахлоқий-ижтимоий аҳамияти ҳам беқиёсдир. Қурбонлик туфайли динимизда ўзаро ижтимоий ёрдамнинг, кўмакнинг аҳамияти яққол намоён бўлади. Эҳтиёжманд оилаларга қурбонлик гўштлари тарқатилади.
 
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қурбонлик қилса, учинчи кундан кейин уйидан ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг оттирмасин», дедилар. Келаси йили бўлганда: «Эй, Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?» дейилди. У зот: «Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим», дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
 
Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифга асосланиб, одатий ҳолатларда қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини ўзи ейиши, иккинчи қисмини камбағалларга бериши, учинчи қисмини сақлаб қўйиш яхши, дейдилар. Муҳтожлар кўпайганда эса, уларнинг риоясини қилиш зарур.
 
Кўпчиликни бир савол қизиқтириши табиий. У ҳам бўлса, бу йилги карантин шароитида Қурбон ҳайити намози ўқиладими?
 
Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Баёноти қабул қилинди. Унга кўра, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ҳайит намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.
 
Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади. Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.
 
Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларида келишича, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал.
 
Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.
 
Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмасликни сўраймиз.
 
Азизлар, пандемия шароитидан келиб чиқиб, марҳумларнинг ҳақларига оила даврасида хайрли дуолар қилсак, шариатимиз қонун-қоидалари ҳамда карантин талабларига риоя этган бўламиз. Чунончи, ҳадиси шарифда: «Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ» (Имом Ибн Можа ривояти), дейилган.
 
Қабристонларга бориб, ҳам ўзимизнинг, ҳам бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйгандан кўра, уйларимизда, оила даврасида ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилайлик! Зеро, динимизда зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади.
 
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
2015-2020 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15