МАЪРУЗАДА ҲАЁТБАХШ ҒОЯЛАР

Ўзбекистон Республикасининг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган маросимдаги маърузасини аввал телевидение орқали зўр қизиқиш билан тингладим. Унда айтилган фикр-мулоҳазаларни хотирамга чуқурроқ ўрнатиш учун маърузанинг “Халқ сўзи” газетасида босилган ёзма матнини ҳам ўқиб чиқдим.

Маърузадаги ҳар бир жумладан инсон зотига ҳурмат, эътибор, ғамхўрлик ва меҳрибонлик нафаси сезилиб турганлиги мени ҳайратга солди. Тўғриси, таъсирландим. Мамлакатда адолатни ўрнатиш ғояси илгари сурилгани келгусида халқимизнинг бахт-саодати, фуқароларимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, муаммоларнинг ўз жойида ҳал этилиши, одамлар мурожаатига кўпроқ эътиборни қаратиш соҳасида чинакам янгиланиш, туб ижтимоий бурилишлар ясалишига ишонч ҳосил қилдим.

Ҳақиқатан ҳам, биз раҳбарлар инсон манфаатлари учун зиммамизга юкланган вазифани сидқидилдан адо этаяпмизми? Халқимизнинг, айниқса оддий фуқароларнинг мурожаатига ўз вақтида қулоқ тутаяпмизми? Жойлардаги ҳокимият ва бошқарув идоралари вакиллари хизматидан, эътиборидан одамлар розими? Бу саволларга тўлиқ ижобий жавоб қайтариш қийин. Тўғриси, бу соҳада мақтанолмаймиз. Маърузада кўнгилдаги гаплар айтилган. Ҳаётий ғоялар илгари сурилган.

“Биз аҳоли кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида, - дейилади маърузада, - одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш ҳақида ўйлаяпмиз. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади”. Бу айнан халқимизнинг, фуқароларимизнинг келажаги учун кўтарилган гаплардир. Агар, бу тизим яхши ишлайдиган бўлса, ҳар бир раҳбарнинг фуқаролар олдидаги масъулияти назоратга

олинади, одамларни ташвишга солаётган муаммолар жойида ҳал этилади. Мурожаатлар натижасиз қолмайди.

Инсон манфаатларини юқори кўтариш, мамлакатда адолатли тизим яратиш ўтмишда ҳам аждодларимизни ташвишлантирган масала бўлган. Бунга Амир Темур бобомиз сиёсатини мисол келтириш кифоядир. Бу улуғ зот “Куч - адолатдадир” деган тамойилни илгари сурган. Мамлакатнинг барча ҳудудида қаттиқ адолат принципи ўрнатилишини истаган. Ўзи эса бу қоидага доим амал қилган. Қўли остидаги одамлардан ҳам адолатли бўлишни талаб этган.

Биринчи Президентимиз ибораси билан айтганда, одамлар ҳар қандай қийинчиликка чидайди, лекин адолатсизликка чидай олмайди. Бундан маърузада кўтарилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсияларнинг нақадар чуқур аҳамиятга эга эканлигини англаш қийин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентилигига сайланган Ш.Мирзиёевнинг маърузаси ҳар бир раҳбар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Уни пухта ўқиб-ўрганиб, ҳар бир банди, ҳар бир жумласидан келиб чиқадиган вазифаларни аниқ белгилаб, маъруза бўйича конспект тайёрлаб олишни тавсия қиламан.

Зеро, қайси вазифада ишлаётганлигидан қатъи назар ҳар бир раҳбарнинг инсон манфаатлари учун ҳамиша масъул эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим. Бу даврнинг, ҳаётнинг тақозосидир.

Дилшод ТУРСУНҚУЛОВ,

туман статистика бўлими бошлиғи, 17-Почвон сайлов округидан туман Кенгаши депутати.

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15