Тадбиркорлар учун божхона қулайликлари

Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, шу жумладан, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама қулайлик яратишга қаратилаётган эътибор соҳанинг изчил ривожланишига кенг йўл очмоқда. 

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. 

– Мазкур фармон билан тадбиркорларга божхона соҳасида ҳам янги қулайликлар ва енгилликлар жорий қилинмоқда, – дейди Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати катта инспектори Ҳусан Тангриев. – Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида тадбиркорларга 2016 йилда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона тўловлари бўйича 13,3 триллион сўм миқдорида имтиёзлар берилди. 

Тақдим этилган имтиёзлар мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни модернизациялаш, технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар ижроси бўйича четдан олиб келинган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хомашёлар ва материалларга қўлланилган. 

Фармон билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар” дастурининг 24-банди билан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, товарларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда товарларнинг божхона расмийлаштирувини белгиланган жойлардан бошқа жойларда амалга оширганлик учун 1 нафар божхона ходимининг 1 соатлик иш вақти учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ундириладиган божхона йиғими икки бараварга камайтирилди. Ўтган 2016 йилда товарларнинг белгиланган жойдан бошқа жойда ўтказилган божхона расмийлаштируви учун ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан 3,2 миллиард сўм миқдорида йиғимлар ундирилган. 2017 йилдан бошлаб, бу каби ҳаражатлар тенг ярмига қисқариб, тежалган маблағ тадбиркорнинг ўз ихтиёрида қолади. 

Бугунги кунда божхона органлари фаолиятига жами 35 автоматлаштирилган ахборот тизимлари жорий этилган, шундан 22 таси давлат ахборот тизими сифатида рўйхатдан ўтган, қолганлари ички идоравий ахборот тизимлари ҳисобланади. Ушбу ахборот тизимларининг яхлит мажмуаси божхона тўловлари ундирувчанлигини ошириш, расмийлаштирув жараёнларини соддалаштириш, товар ва транспорт воситалари устидан божхона назоратини ташкил этиш, эҳтимолий хатоликларни олдини олиш ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайликлар яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Давлат божхона қўмитаси веб-сайтида ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 16 турдаги интерактив хизматлар амалиётга жорий этилган. Хусусан, “Товарларни электрон декларация қилиш” интерактив хизмати ташқи савдо иштирокчилари ва декларантлар учун қулайликлар яратмоқда, ўз иш жойидан туриб божхона юк декларациялари ва унга илова ҳужжатларни электрон тайёрлаш ва интернет орқали божхона органларига тақдим этиш имконини беради. 2013 йилда жами божхона юк декларацияларининг 39,2 фоиз электрон тарзда тақдим этилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 99,9 фоизга етган. 

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига янада қулайлик яратиш, божхона органлари томонидан кўрсатилаётган электрон хизматларни ягона манзилдан туриб тақдим этиш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам “Божхона органларига электрон божхона юк декларацияларини тақдим қилиш” хизмати жорий қилинган. 

Энг оммалашган интерактив хизмат турларидан бири тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни электрон шаклда тақдим қилиш бўлиб, тадбиркорлар эндиликда шартнома ва бошқа тегишли ҳужжатларни божхона постига қоғоз кўринишида олиб келишларига ҳожат қолмади. 2015 йилда жами шартномаларнинг 99,9 фоизи, яъни 137 мингдан ортиқ шартнома ва уларга қўшимча битимлар электрон шаклда рўйхатдан ўтказилган. 

– Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида Давлат божхона қўмитасида экспорт ва импорт юкларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун зарур бўлган 20 турдан ортиқ рухсатнома ҳужжатларини интернет ёрдамида, онлайн режимида олиш имконини берувчи “Ягона ойна” тизими амалиётга жорий қилинди, – дейди Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдусобир Саидов. – Ушбу тизим 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида божхона органлари олдига қўйилган вазифалар сифатли ва самарали бажарилишида муҳим ва ҳал қилувчи роль ўйнайди. 

“Ягона ойна” ахборот тизими www.sw.customs.uz манзилида синов тарзида ишга туширилди. 

Айни пайтда қўмитанинг барча ҳудудий бошқармалари қошида тадбиркорлик субъектлари ва турли тадбиркорлик уюшмалари вакилларидан таркиб топган жамоатчилик маслаҳат кенгашлари ташкил қилиниб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Мазкур кенгашлар тадбиркорлик субъектлари билан божхона органлари ўртасида пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш, уларни ўз вақтида бартараф этиш, божхона ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларига йўл қуймаслик мақсадида ташкил қилинган.

manba:uza.uz

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15