ФУҚАРОЛАР УЧУН БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ

Ургут тиббиёт коллежида туман ҳокимлиги, прокуратура, бандликка кўмаклашиш маркази, ички ишлар бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаркати туман Кенгаши ҳамкорлигида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди. 

Тадбирда олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, меҳнат бозорига биринчи маротаба кириб келаётган ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишга қийналаётган фуқаролар иштирок этишди. Улар меҳнат ярмаркасида қатнашаётган корхона-ташкилот ва муассасалар фаолияти, мутахассислар томонидан таклиф этилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар. Коллеж битирувчилари эса тижорат банклари масъул ходимлари билан мулоқотда бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва кредит олиш борасида маслаҳатлар олишди. 

- Меҳнат ярмаркасида 74 та корхона-ташкилот ва муассасалар ўзларининг 175 та бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. 39 нафар фуқароларга халқ хўжалигининг турли соҳаларига ишга жойлашиш учун йўлланмалар топширилди, - дейди бандликка кўмаклашиш маркази директори М.Ҳолиқов.

Туман прокурори У.Ҳамдамов сўзга чиқиб, ёшлар ва иш изловчиларга Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни доирасида кенг қамровли тушунчалар берди. Шунингдек, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, банкдан имтиёзли кредит олишларига кўмаклашиш, бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳақида ҳам тўхталди. 

Меҳнат ярмаркаси иштирокчилари туманимиздаги “ISNUR QUTLAN TEKS-TIL” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасига ҳам боришиб, у ердаги иш жараёни билан яқиндан танишдилар. 

Туман прокурори ўринбосари Ф.Алиқулов, корхона директори О.Ҳазратқуловлар ёшларга меҳнат қонунчилиги, имтиёз ва кафолатлар, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш масалалари юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар беришди.
Сирожиддин ТАЙЛОНОВ

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15