ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ - МУАММОЛАР ЕЧИМИ

Муҳтарам Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4904-сонли Фармонига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ қабулхоналари” ташкил этилди.
Хўш, “Халқ қабулхоналари” қай тартибда ишлайди, уларнинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Биз юқоридаги мавзуда “Халқ қабулхонаси” туман бўлими мудири Акбар Тўйчиевга мурожаат қилдик.

- Акбар ака, ташкил этилган «Халқ қабулхонаси»нинг асосий вазифалари ҳақида тўхталсангиз.

- “Халқ қабулхонаси” зиммасига катта ва ўта масъулиятли вазифалар юкланган. Жумладан, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, уларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, ҳукуматига, давлат бошқаруви органлари, суд-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларнинг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, “Халқ қабулхоналари” ва “Виртуал қабулхона”га келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қатъи амал қилган ҳолда тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш, келиб тушган ҳамда тегишлилиги бўйича давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, жисмоний шахсларнинг ва юридик вакилларнинг қабулларини давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида, шу жумладан видеоконференц алоқа орқали ўтказиш ва яна бошқалар “Халқ қабулхоналари”нинг иш юритиш тартиблари ва вазифаларига киради.

- Туманимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берсангиз.

- Туман “Халқ қабулхонаси” томонидан ҳам бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, мурожаатлар билан ишлашда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, айбдор шахслар жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш юзасидан доимий иш олиб борилмоқда. Фуқаролар билан очиқ мулоқотни кенгайтириб, аҳолининг давлат ва хўжалик бошқаруви органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Қабулга келган фуқароларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбар ва мансабдор шахслари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишлари учун ҳамма шароитлар яратилиб, биноларнинг кириш қисмида тегишли идора раҳбарларининг исм-шарифи, хизмат телефон рақамлари акс эттирилган пешлавҳалар жойлаштирилган. Агар, раҳбар ўз жойида бўлмаган ҳолларда мурожаат этувчининг манзили ва телефон рақами ёзиб олиниб, “Халқ қабулхонаси” ходимлари томонидан раҳбар ходимга зудлик билан хабар етказилиб, қабулга келган фуқарони қабул қилиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, қабулхона ходимлари туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, ҳамда бошқа давлат органлари раҳбарлари билан биргаликда чекка қишлоқларда сайёр қабуллар ташкил этиб, муаммоларни жойида ҳал этишга эришилмоқда. 

Ана шундай сайёр қабуллар жорий йилнинг март ойи мобайнида Тўрткўл, Ўрамас, Баҳрин, Жозмон, Жўраптепа, Бешкапа, Совғон маҳаллаларида ўтказилди. Уларда вилоят ва туманимизнинг бир қатор идора ва ташкилотлари мутасадди раҳбарлари иштирок этдилар. Мазкур ошкора ва очиқ мулоқотлар натижасида маҳаллаларда тўпланиб қолган бир қатор муаммолар ечимини топишга эришилди. Шунингдек, айрим жисмонан соғлом, аммо ҳеч қаерда ишламасдан юрган шахсларга ижтимоий меҳнат ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, боқимандалик кайфиятидан қайтиб, ҳозирги пайтда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини яратишга эришилди.

Баҳодир ЖЎРАЕВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15