КИТОБ - МАЪНАВИЯТ КЎЗГУСИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши кенг жамоатчилик томонидан ижобий кутиб олинди.

Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли ахборот-ресурс марказида адиб, йирик давлат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда АРМ раҳбари Шоира Абдураҳмонова Шароф Рашидовнинг ҳаёт йўли ва ижоди ҳақида гапириб берди. 

Шундан сўнг, китобхон ўқувчилар Н.Раҳимова, М.Оқилова, С. Низомова, С.Аминова, Л.Эсанова. Э.Шаропов, Ф.Оқиловлар саҳнага чиқишиб, адибнинг “Қаҳрим” номли шеърлар тўпламидан намуналар ўқишди. Ёзувчининг “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” романлари, “Кашмир қўшиғи” каби лирик қиссаларининг мазмун-моҳиятини сўзлаб беришди. 

Китоб тақдимотида “Энг яхши китобхон оила”, “Энг яхши китобхон ўқувчи” кўрик-танлови ғолиблари аниқланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
* * *
26-умумтаълим мактабида ҳам “Оммавий китобхонлик ҳафталиги” доирасида “Китоб орқали дунёни кашф этамиз” шиори остида кўрик-танлов ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Тадбирлардан кўзланган мақсад ўқувчи-ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, бу орқали Ватанни севиш, умуммиллий қадриятларни янада ривожлантиришдан иборатдир. 
Мактаб кутубхоначилари И.Солмонов, Д.Мухторовалар тадбирни очаркан, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, бугунги болалар адабиёти ривожи, китобхонлар сафини кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр юритдилар.

Саҳнада 9-синф ўқувчилари ўзлари ўқиган китоблари асосида ўзаро беллашдилар. Улар “Энг яхши шоир”, “Севимли эртак қаҳрамонлари”, “Адабий ринг”, “Китоб варақлаганда...”, “Мен ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган китоб”, “Асарлардан яратилган саҳна асарлари” каби йўналишларда ўтказилган танлов саволларига зукколик билан жавоб қайтаришди. Энг муҳими, иқтидорли ўқувчилар бир мақсад йўлида, илм ва заковат майдонида бирлашдилар.

“Ёш ижодкорлар” тўгараги аъзоларининг саҳна кўриниши, миллий қўшиқ ва рақслари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.

Тадбирда фаол иштирок этган ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан рағбатлантирилди.
Сирожиддин ТАЙЛОНОВ

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15