ҲАСАД НИМА? — иллатми ёки касаллик?

Ҳасад сўзи маъносига луғатларда “кимсанинг муваффақиятини, устунлиги кўролмаслик туйғуси, ғайирлик, бахиллик” деган изоҳ берилган.

Хаёли бузуқ киши доимо, ҳар кимга ҳасад қилаверади. Айниқса, бошқалардай бўлолмаётганини сезгач, ғайирлиги тутади. Ҳасад аслида фикри ожиз кишида бўлади. Фикри ожиз киши эса саводсиз, илмсиз бўлади.

Ҳасад, назаримда, туғма касалликка ўхшайди. Уни даволаб бўлмайди. Ҳаётимда бунга кўп гувоҳ бўлганман. Демак, ҳасад билан туғилиш, ҳасад билан яшаш ўша бандага Худонинг жазосидир! Унга бундан ортиқ жазо бериб ўтирманг. Негаки, бир умр ҳасад билан яшаш хаёлни ҳам, вужудни ҳам еб, адо қилади, юракни доимо азобда ушлайди. Ҳасадчи одамнинг ранги, юриш-туриши ёқимсиз бўлади. Кишилар ундан йироқ юришни, тезроқ қутулишни ўйлаб, “сеники маъқул” қабилида йўл тутгани учун у ўзини доимо ҳақ деб билади.

Ҳасад қилинадиганлар ҳам ҳасад қилишар экан. Айтишларича, ҳаммага мурувват кўрсатадиган давлатмандлар ҳам барчадан кўмак оладиган гадоларга ҳасад қилишар экан. Мабодо тўғри келиб қолса, ҳасадгўй ҳар қанча уринмасин, бировни ютуғи билан табриклаганда ўзининг ғаразли муносабатини сездириб қўяди. Негаки ҳасад – бу ички туйғу, у хаёлни шайтон каби тинимсиз ғаразга чорлаб туради. Бирор кишининг ҳаракати ёки гапидан нафратлансангиз, айтиб, уришиб қутуласиз, бироқ ҳасадчи билан муроса қилиб бўлмайди. Шоир Абдулла Орипов айтганидек, у мудом Сизнинг хато қилишингизни кутиб яшайди.

Ҳасадчи ўзи ҳасад қилаётган кишиларнинг асаби бузилишидан, айниқса, таниқли шахсларнинг обрўсизланишидан ҳузур олади, қувонади. Ҳасад тўхтамайдиган, чегара билмайдиган иллат, ҳасадчининг давоси фақат унга қонуний чора кўрилишида.

Ҳасад аслида қалб учун бехосият, зарарли туйғу, бироқ ҳасадчи уни юрак таскини деб билади. Ҳасадчи бировнинг қайғусидан лаззатланади. Шунинг учун ҳам халқимизда бундай нокасларга тўнинг этаги теккан бўлса, этакнинг ўша бўлагини кесиб ташлаб қутуласан, деган фикр бор.

Энг ёмони, ўз мақсади йўлида ҳасадчи ғийбату туҳмат, ёлғон, маддоҳликдан, хуллас дунёдаги жамики ёлғонликдан қайтмайди.

Ҳасад туғма иллатга ўхшайди. Чунки йиллар давомида ҳасадчиларнинг ўзгарганини кўрмадим. Шунинг учун кўп ҳолларда ҳасадчиларга ютуқларимни, қувончли онларимни, иложи борича, ошкор қилмасликка интиламан.

Луқмони Ҳаким ўз вақтида шундай деб ёзган экан: Ҳасадчининг учта аломати бор:

Дўсти ёнида бўлмаса, уни ғийбат қилади, ёнида бўлса, тилёғламалик қилади, унга мусибат етса хурсанд бўлади.

Дарвоқе, “Қобуснома”да ҳам “Агар ёру дўст бўлмоқни тиласанг, ҳасадлик бўлмагил”, дейилган.

Хуллас, ҳасадчидан ҳам, ҳасадчи бўлишдан ҳам барчамизни Худо асрасин...

 

Фармон ТОШЕВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15