“Сендан ҳаракат, мендан барокат” деганларидек, яратилаётган мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиш лозим

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, халқимиз эртани кутиб эмас, бугун бахтли яшаши керак. Ана шу нуқтаи-назардан келиб чиққан ҳолда бугун юртимизда ижтимоий ҳимоя масалаларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишларни манзилли амалга ошириш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатлари шакллантирилди.
 
Эндиликда мазкур рўйхатларга киритилган ҳар бир ёш, хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмаларни шакллантириш, бандлиги таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш, касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорликка йўналтириш орқали жамиятда ўз ўрнини тўлақонли топишларига кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.
 
Хусусан, бугун ана шу мақсадда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган 35 нафар фуқароларга Ургут туман ҳокими Ботир Жабборов Халқ депутатлари вилоят ҳамда туман кенгаши депутатлари томонидан мотокултиваторлар, тикув машинлари, пишириқ печлари,  машина ювиш ускунаси беғараз топширилди.
 
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Ботир Жабборов ушбу жиҳозлар ҳеч қандай тўловларсиз, бепул берилаётганлиги, ягона мақсад фуқароларимизнинг бандлиги таъминланиб, оиласи учун даромад манбайи яратилиши эканлигини таъкидлади.
 
Эндиликда тумандаги яна 35 нафар оила доимий даромад манбайига эга бўлишди. “Сендан ҳаракат, мендан барокат” деганларидек, яратилаётган мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиш лозим холос.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15