АЁЛ БОРКИ, ОЛАМ МУНАВВАР

“Шукрона” базмгоҳида 8 март - Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

“Аёл борки, олам мунаввар” деб ном олган ушбу тадбирда оилаларни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, халқимизнинг кўп асрлик бой маънавий меросини асраб-авайлаш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида самарали фаолият юритаётган хотин-қизлар қатнашдилар.

Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Исроил Жабборов сўзга чиқиб, хотин-қизларни байрам билан муборакбод этиб: 

- Аёл жамиятда ҳам, ҳаётда ҳам ўз ўрнига эга муҳтарам зот. Айниқса, Ургут аёллари ҳақида гапирганда уларнинг таърифу-тавсифини келтириш жуда мушкул. Чунки уларда ҳар соҳага бўлган кучли интилиш, фаол тадбиркорлик, изланувчанлигу моҳир ҳунармандлик, чеварлигу пазандалик хислатларининг барчаси мужассам. Табиат берган барча яхши хислат соҳибаларини бугунги байрам билан чин юракдан табриклаймиз, - деди.

Шундан сўнг туман маданият бўлимининг хушовоз хонандалари Умид Сирожев, Бобурмирзо Яздонов, Ҳасан Ибрагимовлар аёлларни мадҳ этувчи гўзал тароналари билан тўпланганларни муборакбод этишди. 

Тадбирда иштирокчиларга байрам совғалари топширилди. 
Дилноза АҲРОРОВА

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15