УРГУТДА БИР ТЎЙ БЎЛДИ...

Сўнгги вақтларда тўйлар ҳақида кўп гапирадиган бўлиб қолдик. Буни тўйларнинг фақат шахсий ёки оилавий эмас, балки, ижтимоий масала экани билан изоҳласак, тўғри бўлади. 

Дабдабабозлик, исрофгарчилик билан ўтказиладиган тўй ва бошқа маросимлар кибр-ҳаво, манманликнинг ошкора намойиши ўлароқ, ижтимоий адолат тамойилларига мос келмайди.

Туманимизда ана шундай ҳолатлар урчиб кетмаслиги учун амалий саъй-ҳаракатлар аллақачон бошлаб юборилган. Камчиқим ва камтарона, файзли ўтган тўйларга тез-тез гувоҳ бўлаяпмиз. 

Куни кеча Оқмачит маҳалласида ўтган тўй ҳам кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди. Туман ҳокими Маматжон Турдиев ташаббуси билан ўиштмачит ва Оқмачит маҳаллаларида яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 17 нафар фарзандининг суннат тўйи ҳомийлар кўмагида ўтказилди. Дастурхон ёзилиб, элга ош тарқатилди. 

Тўй либослари ўзига ярашиб турган кичкинтойлар - беғуборлик тимсоли. Шодиёна баҳонасида тўй болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар бир-бири билан дийдорлашди. Нуроний отахону-онахонлар болажонларнинг бахту камолини тилаб, дуога қўл очдилар.

Кичкинтойларга совға-саломлар улашилди. Туман маданият бўлими санъаткорлари ва пойтахтдан келган таниқли хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар, рақс дасталарининг чиқишлари тантана иштирокчиларига бир олам шодлик бағишлади. 

- Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг кўлами ва қамрови кенгайиб бормоқда, - дейди Оқмачит маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бўрон Эшолов. - Буни бугунги тўй мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бу каби хайрия тадбирлари кишилар қалбида ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат каби эзгу фазилатлар янада бўй кўрсатиши ва мустаҳкамланишига ҳам сабаб бўляпти. 

Кичкинтойларнинг суннат тўйи кўпкарига уланиб кетди. Узоқ-яқиндан келган чавандозлар куч, маҳорат ва эпчилликларини намойиш этишди.

Шу куни ҳудуддаги кам таъминланган оилалар, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳолидан хабар олинди. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари топширилди.
Гўзал ОБЛОҚУЛОВА,
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси.

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15