ТЎҚҚИЗТА МАҲАЛЛА ЯНГИ БИНОГА КЎЧИБ ЎТДИ

Бугун юртимизда маҳалла институти халқчил тузилма сифатида шаклланиб, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардаги фаол иштироки билан жамиятимиз ҳаётида мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги саъй-ҳаракатларга янгича куч бағишлади. Мазкур ҳужжатда маҳалла институтини янада ривожлантириш билан боғлиқ қатор долзарб вазифалар белгилаб берилган бўлиб, айни чоғда унинг ижроси бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, фармон асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада юксалтириш, фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоқлари билан жиҳозлаш ишлари изчил давом эттириляпти. 

Туманимиздаги Қайнарбулоқ, Баҳрин, Деҳқонобод, Юқори Тегана, Ўрамас, Қу-йиқишлоқ, Ишчан, Бойбул, Раҳматобод маҳалла фуқаролар йиғинлари янгидан қуриб битказилган ёки мукаммал таъмирдан чиқарилган биноларига эга бўлди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳомийлар кўмагида ҳашар йўли билан амалга оширилди. Маҳалла идораларининг замонавий биноларида барча шароитлар яратилган. Маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилиб, компьютер, мебель, тегишли адабиётлар билан таъминланган. 

Очилиш маросимлари ҳар бир маҳаллада катта тантанага айланиб кетди. Табриклар, қутловлар янгради. Болалар ва ёшлар томонидан маҳалла ҳаёти билан боғлиқ шеърлар айтилиб, куй-қўшиқлар ижро этилди. Элга ош тортилди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари янги биноларда янада самарали фаолият олиб боришига ишонч билдирилиб, самимий тилаклар изҳор этилди. 

Тадбирларда туман ҳокими ўринбосари Исроил Жабборов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Комил Ҳайдаров ва туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Алиев, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Фармон Азизов, шунингдек, маҳаллалар фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

ҚАЙНАРБУЛОҚЛИКЛАР ҚУВОНЧИ

Қайнарбулоқ маҳалласи туман марказидан 30 километр узоқликда жойлашган. Маҳаллада 811 та хонадон бўлиб, уларда 3402 нафар аҳоли истиқомат қилади. 43-умумтаълим мактаби, спорт майдончаси, чойхона, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳоли хизматида. Яқин орада қишлоқ врачлик пункти ҳам ташкил этилиб, фуқароларнинг шошилинч тиббий ёрдам хизмати билан тўла қамраб олиниши кўзда тутилган.

Қайнарбулоқликлар спортни яхши кўришади. Натижа ҳам шунга яраша. Жумладан, Жалол Аллаевнинг қўл жанги, Ўлмас Жумаевнинг кураш бўйича вилоят миқёсидаги мусобақаларда қўлга киритган юқори натижалари маҳалла ёшларининг спорт турлари билан мунтазам шуғулланишга бўлган қизиқиш ва иштиёқини янада оширди, десак, хато бўлмайди.

Эътиборли жиҳати, сўнгги бир йил мобайнида маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилмаган. Бу эса маҳалла маъмурияти ва профилактика инспекторининг фуқаролар билан ишлаш самарадорлиги, маънавий муҳит барқарорлиги билан бевосита боғлиқ.

ТАРИХИЙ БАҲРИН

Маҳалла кексаларининг айтишига қараганда, “Баҳрин” овчи қушининг номини билдирар экан. Шунингдек, бу атаманинг “Баҳр”, “Баҳрамандлик”, “Баҳаво жой” сингари маънолари ҳам бор. Худди шундай ном билан аталувчи жойлар Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ҳам учрайди. 

Баҳрин маҳалласи аҳолиси 3720 кишидан иборат бўлиб, бу ерда жами 552 та хонадон мавжуд. Янақишлоқ, Баҳрин, Қўрғонча қишлоқларини ўзида бирлаштирган маҳалладан кўплаб зиёли инсонлар етишиб чиққан. Шоира Дилором Исмоилова, тиббиёт фанлари доктори, профессор Саъдулла Расулов, шунингдек, Камол Мардонов, Қодир Бобомуродов, Мурод Қобилов, Муродқул Усмонов каби фахрийлар, ўнлаб ҳарбийлар ва бошқа касб эгалари маҳалланинг фахри ҳисобланади.

Ёшлари ҳам изланувчан, ташаббускор. Жумладан, 9-қишлоқ маданият уйи қошида бир нечта тўгарак фаолият кўрсатиб келмоқда. Маҳалла ёшлари “Навбаҳор” фольклор гуруҳини ҳам ташкил этишган. Гуруҳ аъзолари туман ва вилоят миқёсида ўтказиладиган байрам тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда. 

ОБОД ВА КЎРКАМ

Деҳқонобод маҳалласи ҳудудидаги 2 та мактаб, 1 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та коллежда ёшлар бугунги давр талаблари даражасида таълим-тарбия олиб келмоқда. Жумладан, 80 нафардан зиёд кичкинтой боғчага қамраб олинган бўлса, 1135 нафар ўқувчи умумтаълим мактаблари ҳамда ўрта махсус, касб ҳунар таълими муассасаларида билим олади.

7000 дан зиёд аҳоли яшовчи маҳаллада тадбиркорлик, миллий ҳунармандчилик, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланадиган фуқаролар кўпчиликни ташкил этади. Умумий овқатланиш шохобчалари, дорихона, бозор, нов-войхона, устахона ва бошқа объектлар ҳам аҳолининг бандлик даражасини ошириш имконини бермоқда.

Шу пайтгача маҳалла фуқаролар йиғини мослаштирилган бинода фаолият олиб бораётган эди. Кўркам ва замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилиши тузилма ходимлари иш унумдорлигини ошириш баробарида, маҳалла аҳли учун ҳам қатор қулайликлар яратди. 

ИЖОДКОР ВА ЗИЁЛИЛАР МАСКАНИ

Туман марказидан 12 километр узоқликда жойлашган Ўрамас маҳалласи Қайроқли, Қуйи Алгар, Ипакли, ўиштмачит ҳамда Тойлоқ туманининг Жумабозор маҳалласи билан чегарадош. 

Ўрамас маҳалласи том маънода ижодкор-зиёлилар маскани. Салкам 20 йил мобайнида туманни бошқарган (марҳум) Ўлмас Маҳматмуродов, 1975-1980 йилларда вилоят ижроия қўмитасида котиб вазифасини бажарган (марҳум) Фахриддин Саидмуродов, “Бешқарсак” фольклор ансамбли асосчиларидан бири (марҳум) Жаббор Ражабов, тўртта монография, битта дарслик, ўттиздан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар, юзга яқин илмий-оммабоп мақолалар муаллифи, СамДУ профессори Шавкат Маҳматмуродов, “Фермер хўжалигининг тадбиркорлик фаолияти ва уни такомиллаштириш масалалари” рисоласи муаллифи Самариддин Очилов, “Ҳандалак” гуруҳи аъзоси Зокир Очилдиев, бир қанча шеърий китоблар муаллифлари Улуғбек Тоҳиров, Алишер Алиқулов, Камолжон Қурбонов ва бошқалар ушбу маҳаллада туғилиб, камолга етган.

Маҳалла хотин-қизлари асосан ҳунармандчилик, касаначилик ишлари билан шуғулланади. 12 та фермер хўжалиги, бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари ва цехлар фуқароларнинг иш билан бандлигини таъминлашга кўмаклашиб келмоқда.

СПОРТДА ДОНГ ТАРАТГАН

Қуйиқишлоқ ҳам тумандаги намунали маҳаллалардан саналади. Бу ерда 1 та мактаб, қишлоқ врачлик пункти, дорихона, газ ёқилғиси қуйиш шохобчаси, 2 та тўйхона, 4 та новвойхона, 5 та сартарошхона, 2 та умумий овқатланиш шохобчаси ёшларга билим бериш, аҳолининг оғирини енгил қилиш, саломатлигини тиклаш ва кундалик эҳтиёжлари учун хизмат қилмоқда.

Бекзод Абдуллаев, Муҳриддин Неъматов каби ёш спортчиларнинг нуфузли турнирлардаги муваффақиятли иштироки маҳалла ёшларининг мақсад сари дадил одимлаётганидан нишонадир.

Маҳалла фуқаролар йиғини ўтган асрнинг 30-йилларида барпо этилган бинода жойлашган бўлиб, бугунги давр талабларига жавоб бермай қолган эди. 

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони ижроси доирасида ажратилган янги бино қисқа фурсатда таъмирдан чиқарилди ва маҳалла аҳлига туҳфа этилди. Ушбу иншоот бугун фуқаролар билан гавжум масканга айланди.

ТЕГИНАБЕГИМ АВЛОДЛАРИ

Манбаларга кўра, “Тегана” атамаси “бегим”, “ҳурмат билан ишлатиладиган сўз”, “шохобча” каби маъноларни англатар экан. Шунингдек, қишлоқ номини соҳибқирон Амир Темурнинг волидаси исми билан боғловчилар ҳам йўқ эмас. Олиб бориладиган тадқиқот ишлари бу борадаги баҳсларга илмий ечим бўлиб хизмат қилса, не ажаб.

Бугун маҳаллада 1 та мактаб ва 2 та мактабгача таълим муассасаси, шунингдек, жомеъ масжиди, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва савдо дўконлари, 9 та фермер хўжалиги фаолият олиб бормоқда. 

5350 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи Юқори Тегана маҳалласининг фуқаролар йиғини ҳам ўз фаолиятини янги бинода давом эттирадиган бўлди. Айни кунга қадар маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар битта хонада иш олиб боришарди. Янги иншоот уларнинг аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириши табиий.

ИШЧАН – ОБОД ҚИШЛОҚҚА АЙЛАНАДИ

Ишчан маҳалла фуқаролар йиғини ҳам шу кунгача эски чойхона ўрнида фаолият олиб бораётган эди. Маҳалла ходимлари кўчиб ўтган ҳозирги бино ҳар томонлама қулайлиги билан аввалгисидан фарқ қилади. Ушбу масканни таъмирлаш ва жиҳозлаш мақсадларига 80 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.

Мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан жорий йилдан эътиборан, олис қишлоқ ҳудудларини шаҳарникидан кам бўлмаган даражада ободонлаштириш ишларига киришилмоқда. Бунинг учун “Обод қишлоқ” дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастур асосида ҳудудларда кенг қамровли қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ишлари олиб борилиши белгиланган.

Ишчан маҳалласида ҳам бугун ҳаёт қайнаяпти. “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ушбу маҳаллада аҳоли муаммоларини ўрганиш, ҳудудни кўркамлаштириш ва ободонлаштириш учун етарлича куч ва воситалар сафарбар этилган. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилда туманимиздаги 2 та маҳалла (Мерганча ва Ишчан) ушбу дастурга киритилди. 

ЗИЁРАТГОҲЛАР ЎТМИШДАН СЎЗЛАЙДИ

Раҳматобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳам алоҳида биносига эга бўлди. Мукаммал таъмирдан чиқарилган кўркам бинонинг МФЙга тақдим этилиши ҳудуд аҳолисига чексиз қувонч улашди. 

Маҳаллада бир қанча қадамжолар мавжудлиги боис бу ердан зиёратчилар қадами узилмайди. 300 йиллик тарихга эга бўлган Сарой масжиди, Қирчилтон бобо, шунингдек, XII асрга мансуб Хожа Абу Закариё зиёратгоҳлари бой тарихимиздан сўзлайди. 

Маънавий илдизлари мустаҳкам бўлган элнинг бугунги вакиллари ҳам аждодларга муносиб издош бўлиш йўлида тиним билмайди. Жумладан, ушбу маҳалла ёшлари спорт ва санъатда, илм-фан ва тадбиркорликда илғорлар сафида бўлишга ҳаракат қилмоқдалар.

Маҳаллада 998 хонадонда 4500 аҳоли яшайди. Ёшларнинг мукаммал таълим-тарбия олиши учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Айни пайтда давлат-хусусий шерикчилик асосида бунёд этилаётган янги мактабгача таълим муассасаси ҳам кичкинтойларни боғчага қамраб олиш имкониятларини янада оширишга хизмат қилади. 

ҲАШАР - ЭЛГА ЯРАШАР

Бойбулликлар ҳашарни хуш кўришади. Маҳалладаги катта-кичик юмушларни ҳашар йўли билан амалга ошириш яхши анъанага айланган. Ушбу жиҳатлар МФЙ учун ажратилган бинони таъмирлаш жараёнида ҳам ўз ифодасини топди. 

Бино жойлашган ҳудудда гўзаллик салони, тикувчилик цехи, компьютер хизматлари кўрсатиш ва сервис маркази ҳам жойлашган. 

3790 нафар аҳоли яшайдиган маҳаллада ўнлаб тадбиркорлар ҳам борки, улар янги иш ўринлари яратиш баробарида аҳоли, шу жумладан, ёшларнинг ишбилармонлик кўникмалари шаклланишига ҳам кўмаклашиб келмоқда.

Маҳаллада бунёд этилган янги мини стадион ёшларнинг спорт билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтирди. 

Бугун Бойбулда бунёдкорлик ишлари бир зум ҳам тингани йўқ. Хусусан, айни пайтда маҳаллада янги масжид қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, маҳалла жамиятимиздаги адолат тамо-йилларининг кўзгусига айланиши керак. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши лозим. 
Туманимизда маҳалла фуқаролар йиғинларига янги бинолар ажратилаётганини ҳам ушбу тузилмани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан бохабар бўладиган масканга айлантириш йўлида қўйилган муҳим қадам сифатида баҳоласак, хато бўлмайди.
Сирожиддин ТАЙЛОНОВ,
Нусрат БОБОЕВ.

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15