Инсон ишлаган умри давомида ҳар хил миқдорда ойлик маоши олади. Келгусида олган маошининг миқдори пенсияга қандай таъсир қилади? Умуман, пенсия тайинлаш учун ўртача маош қандай ҳисобланади?

Аввало, шуни қайд этиш лозимки, пенсия миқдори иш стажининг муддатига боғлиқ бўлиб, пенсиянинг таянч миқдоридан, иш стажи учун пенсиянинг оширилишидан ва айрим имтиёзли тоифага мансуб шахслар учун пенсияга қўшиладиган устама ҳақлардан таркиб топади. Пенсиянинг таянч миқдори ва иш стажи учун ошириш ўртача ойлик иш ҳақидан ҳисобланганлиги учун, бу кўрсаткич пенсия миқдорига таъсир қилувчи асосий омил, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 31-моддасида ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашнинг умумий тартиби белгиланган бўлиб, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи ўтган йиллардаги иш ҳақларини пенсия тайинланадиган кундаги иш ҳақи даражасига келтириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган “Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентларини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан амалга оширилади.

Унга кўра, иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициенти – тегишли ой учун пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг айнан шу ой учун энг кам ойлик иш ҳақи нисбати сифатида аниқланадиган миқдордир. 

Шахснинг ИКЗ (индивидуальный коэффициент заработка), ишдаги мавжуд танаффусларидан қатъий назар (пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг танлашига кўра), меҳнат фаолиятининг охирги ўн йили мобайнидаги исталган кетма-кет олтмиш ойидан ҳар бир ойи учун аниқланади, бунда шахснинг пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақи тегишли ойдаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорига бўлинади ва қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқилади: 

ИКЗi = ФЗi / МЗПi, бунда:

ИКЗi – i ой учун иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициенти;

ФЗi – i ой учун иш ҳақи, сўм;

МЗПi – i ой учун энг кам ойлик иш ҳақи, сўм.

Иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилган иш ҳақи қуйидаги формула бўйича аниқланади:

ПФЗi= ИКЗi х СМЗП, бунда:

ПФЗi – иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентларини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилган иш ҳақи;

СМЗП – олдинги 12 ойдаги ўртача энг кам ойлик иш ҳақи, сўм.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган олтмиш календарь ойлар учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади. Бунда пенсия сўраб мурожаат этган кишининг хоҳишига кўра, ишга қабул қилиш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш муносабати билан иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар тўлиқ ишланган календарь ойлар сифатида ҳисобга олинади.

Пенсия сўраб мурожаат этган киши беш йилдан кам ишлаган ҳолларда, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи ишланган календарь ойлар учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини шу ойлар сонига бўлиш йўли билан аниқланади.

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга пенсиялар тайинлашда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги ўн йили давомидаги исталган кетма-кет беш мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади.

Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан оз бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар умуман мавжуд бўлмаган ҳолларда пенсия энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади

Ургут тумани Пенсия жамғармаси

бўлим бошлиғи Н.Ахмедов

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15