ШЕР ВА ҚУЁШ ТИМСОЛИ НИМАНИ БИЛДИРАДИ? 

Инсон юзи акс этган қуёш ва шер тимсолини қаерда кўргансиз? Тўғри, яқин-яқингача муомалада бўлган 200 сўмлик миллий купюрада ҳам бу шакл акс эттирилганди. Самарқанддаги Регистон майдонининг ўнг томонидаги Шердор мадрасаси пештоқида ҳам бир-бирига параллел тарзда иккита ана шундай тимсол акс этган. Испан элчиси Дон Рюи Гонзалес де Клавихонинг кундаликларида ҳам Шаҳрисабздаги Оқсарой ёдгорлик мажмуасида худди шундай шер ва қуёш тимсоли акс этганини ёзиб қолдирган.

Шарқшунос олим, археолог М.Массон фикрича, мазкур шер ва қуёш расми  араблар фатҳидан аввалги Самарқанд ҳукмдорларининг қадимий рамзи ҳисобланган.  Бу рамз Улуғбек ва Халил Султон даврида зарб қилинган тангаларда ҳам акс эттирилган. 

Хусусан,  XII асрдан бошлаб Салжуқийлар давлатида рамзига айланган. Туркиянинг Сивас вилояти  ҳудудида султон Кайхусрав даврида зарб қилинган, шер ва қуёш белгиси акс этган тангалар топилган. Аслида бу рамзнинг ўтмиши ундан ҳам аввалроққа бориб тақалади. Шунга яқинроқ белгилар  қадимги Бобил ёдгорликларида, Миср папирусларида ҳам учрайди. Шарқ меъморчилигида ва нумизматикасида бу рамздан салтанатнинг куч-қудрати ва ҳосилдорлиги тимсоли сифатида ишлатилган. 

Айрим тадқиқотчилар бу белги фақат қадимги Эрон шаҳаншоҳларига тегишли бўлган, деган фикрни илгари сурсалар, бу тахминни бутунлай инкор қилувчилар ҳам бор. Хусусан эронпарастлик оқимининг ашаддий издошларидан бўлган Мужтабо Минуий 1929 йилда Эроннинг Лондондаги элчихонасида маъруза қиларкан, ҳукуматдан бу логотипни мутлақо бекор қилишини, чунки бу белги туркийларга тегишли эканини, уни форс тарихи ва мафкурасига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтади. 

Чиндан ҳам Эронда Шер ва қуёш (Шеру Хуршид) узоқ вақт миллий рамзлардан бири саналган. Элхонийлар (Хулогулар) даврида қурилган кўпгина тарихий биноларда бу белги кўзга ташланади. Хусусан сафавийлар ва қожорлар даврида тўрт асрдан кўпроқ вақт мобайнида Шер ва Қуёш мамлакат туғросида акс этган. Қожорлар сулоласининг таниқли ҳукмдори Фатҳ Алишоҳ Қожорнинг замонасида 1808 йилда “Шер ва қуёш нишони” таъсис этилган ва бу нишон 1939 йилгача амалда бўлиб келган эди.

Машҳур рус адиби А.П.Чехов нишон ҳақида махсус “Шер ва қуёш” номли ҳикоясини ёзган.  1979 йилги инқилобга қадар бу белги Эрон байроғида мавжуд бўлган. 1858 йилгача давлат тепасида бўлган Бобурийлар даврида Ҳиндистон байроғининг асосий атрибути шер ва қуёш белгиси ҳисобланган. Бу белгини ўз тимсоли сифатида танлаган ҳукмдорларнинг деярли барчаси туркийлар бўлишган.

Шундан келиб чиқиб, бу белги туркий аждодларимизнинг ҳукмронлиги, куч-қудрати, бахт-иқболи рамзи бўлган, десак хато бўлмайди. Дарвоқе, бугунги Миллий гвардия  нишони ва байроғида ҳам ана шу белгини кўрамиз.  

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15