ТАДБИРКОР ЙЎЛИДАГИ ТЎСИҚЛАР БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ ОЛИБ ТАШЛАНАЯПТИ

Туман прокуратураси томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашга оид Қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, шунингдек, ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан қатор амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишламаётган корхоналарнинг фаолиятини соғломлаштириш борасида чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилиб, ана шундай хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати шакллантирилган ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича масъуллар белгиланган.

Соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорлик субъектлари билан ҳар ойда камида икки маротаба учрашувлар ташкил этиб бориляпти. Уларда асосий эътибор тадбиркорлик фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашиш, шу жумладан, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, текшириш тартибини бузиш ёки қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш, ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб қилиш ва тадбиркорларнинг фаолиятига ғов-тўсиқ бўлувчи бошқа ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланганлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Давлат хизматлари туман марказига 2018 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 5982 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 3462 таси давлат хизматлари кўрсатиш юзасидандир.

Жорий йилнинг ўтган даврида тумандаги мавжуд тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган амалий ёрдам натижасида фаолият кўрсатмаётган 30 та корхонанинг фаолияти тикланиб, 112 та янги иш ўринлари яратилиши таъминланди. Хусусан, “BAXRIDDIN FAXRIDDIN TEX SERVIS” МЧЖ иқтисодий қийинчилик туфайли ўз фаолиятини тўхтатиб қўйганлиги аниқланиб, унинг айланма маблағига 2018 йил 15 март куни 900 минг сўм пул маблағи кўчирилиб, фаолияти соғломлаштирилди ва қўшимча 2 та янги иш ўрни яратилишига эришилди. 

Кўрсатилган ҳуқуқий ва амалий ёрдам натижасида 29 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 167 та янги иш ўринлари яратилиши таъминланди. Хусусан, “BESHKON QURUVCHI SERVICE” МЧЖга давлат рўйхатидан ўтишига кўмаклашилиб, пировардида 6 та янги иш ўринлари яратилди. Жамият томонидан келгусида ўз фаолиятини кенгайтириш натижасида 20 та янги мавсумий иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Тумандаги экспортёр хўжалик юритувчи субъектларга ҳам амалий ёрдам бериб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида “Urgaz Carpet” МЧЖнинг электр энергияга уланишда муаммоси мавжудлиги аниқланиб, жамиятга қўшимча электр энергия таъминоти қуввати кўпайтириб берилишига эришилди.

“Карвон АХК” МЧЖ директори Р.Кенжаев туман прокуратурасига мурожаат қилиб, келишув битими ва суд ажримига асосан фуқаро Ш.Бобоевга тегишли бўлган молхона биноси ва дала шийпонини унинг балансига ўтказиш белгиланган бўлишига қарамасдан ушбу бино-иншоотлар тақиқда турганлиги сабабли ўз номига расмийлаштирилмаётганидан норози эканини билдирган. Аризани ўрганиш жараёнида ушбу биноларни тақиқдан чиқариш ҳақида МИБ туман бўлими томонидан тумандаги давлат нотариал идораларига мурожаат қилинди ва иншоотлар тақиқдан чиқарилиб, корхона балансига ўтказиб берилиши таъминланди.

Якка тартибдаги тадбиркор Б.Давронов туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб 2018 йил 25 февраль куни инкассация ходимлари орқали АТ Халқ банки Ургут филиалига топширган 500000 сўм нақд пуллари банк ходимлари томонидан ҳисоб рақамига ўтказиб берилмаганлиги ҳамда мазкур масала юзасидан банк раҳбариятига бир неча маротаба мурожаат қилган бўлса-да, ижобий натижа бўлмаганлигини билдирган. Ариза юзасидан ўтказилган текширув давомида ушбу маблағларни айбдор шахслардан ундирилиши ва тадбиркорнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши таъминланди ва банк касса мудирига нисбатан МЖтКнинг 61-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилди ва кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича туман судига юборилди.
Улуғбек ҲАМДАМОВ,
туман прокурори.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15