ЁШЛАР – КЕЛАЖАК БУНЁДКОРИ

Image_tadbir: 

ргут маданият ва истироҳат боғида туманимизнинг барча қишлоқ ва маҳаллалари, мактаб, коллежларидан келган минглаб ёшлар жамулжам бўлди.
Бир томонда 1-болалар-ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари, ёш боксчилар, каратэ, таэквондо, дзю-до секцияси аъзолари ўз маҳоратини намойиш қилган бўлса, иккинчи томонда “Баркамол авлод” болалар маркази томонидан ҳунармандчилик, тикувчилик, тасвирий санъат намуналари кўргазмаси иштирокчилар эътиборига тақдим этилди.

ҲОКИМ БИЛАН МУЛОҚОТ

Ёшлар фестивали 31-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг концерт залида, туман ҳокими Маматжон Турдиев ва ижодкор ёшлар, халқаро, республика спорт мусобақалари, билимлар беллашуви совриндорлари, жамоат ишларида, ўқишда фаол бўлган ёшлар иштирокидаги очиқ мулоқот билан бошланди.

Ҳоким учрашувни очар экан, жумладан шундай деди:

- Бугун сизлар билан учрашиб, фикр алмашиб, қувончу-ташвишингиз, орзу-умидларингиз билан ўртоқлашиш имконига эга бўлиб турибман. Шу фурсатдан фойдаланиб таъкидлаб ўтишни хоҳлардимки, дунё билан бўйлашаётганимиз, ўзлигимизни англаб, анъана, урф-одат ва қадриятларимизни оламга кўз-кўз этаётганимиз, барча соҳаларда қўлга киритган ютуқлар салмоғи сизларнинг интилувчанлигингиз, куч-ғайратингиз билан чамбарчас боғлиқ. Ёш, навқирон спортчиларимизнинг кўксини безаб турган қўша-қўша чемпионлик медаллари туманимизда истеъдодли ёшлар кўп эканлигидан бир нишонадир ва бу ҳар биримизнинг қалбимизга фахр-ифтиҳор туйғуларини бахш этади. 

Шундан сўнг 7, 30, 55, 44, 142-умумтаълим мактабларининг истеъдодли ўқувчилари Умида Тўйчиева, Каниза Амирова, Ҳасанжон Ҳабибуллаев, Гулнора Раупова, Асилбек Болтаев, Шаҳзода Ашраповалар ўз ижодларидан намуналар ўқиб беришди ва туман ёш ижодкорларининг сараланган шеърларини тўплам ҳолида нашр этишга ёрдам беришини сўрашди. 

Ҳоким бу масаланинг ижобий ҳал бўлишини билдирди.

Рус шашкаси бўйича жаҳон чемпиони, 55-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шоҳюсуф Рофиев, Таэквондо бўйича Ўзбекистон биринчилиги совриндори Севинч Жалиловалар кўп сонли спортчилар номидан сўзга чиқиб, ёшларимизга шундай имкониятлар яратиб бераётган Президентимизга миннатдорлик билдирдилар.

Шоҳюсуф Рофиев “Шахмат-шашка билан шуғулланиш учун алоҳида бирор жой бўлса, бу иқтидорли болалар учун жуда яхши совға бўларди”, дея ҳокимга мурожаат қилди.

Ҳоким яқин орада амфитеатр биносидаги бўш турган хоналар Ёшлар иттифоқига турли хил тўгараклар учун ажратилишини маълум қилди. Шунингдек, Ёшлар иттифоқи сардорлари учун “Чорчинор” оромгоҳида икки кунлик семинар ташкил қилиш борасидаги таклиф ҳоким томонидан маъқулланди ва бу борада зарур кўмаклар кўрсатилиши маълум қилинди.

МАҚСАД – ЁШЛАРНИНГ БОШИНИ ҚОВУШТИРИШ

Ёшлар фестивалининг асосий тадбирлари маданият ва истироҳат боғидаги амфитеатрда давом этди.

2 мингдан зиёд ёшлар йиғилган фестиваль иштирокчиларини туман ҳокими қизғин қутлаб, давлатимиз томонидан ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик йил сайин юксалиб бораётгани ҳақида тўхталиб ўтди:

- Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи жойларда ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, ўғил-қизларни касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш борасида фаол иш олиб бормоқда. Туманимизда яшаётган 500 мингга яқин аҳолининг 298 мингдан зиёдини ёшлар ташкил қилади. Улар орасида тадбиркорлик, фермерлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланадиган ўғил-қизларимиз кўп экани қувонарлидир. Энг долзарб масалалардан бири бўлган уюшмаган ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш масаласи ҳам доимий эътиборимизда бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда уюшмаган ёшлар сони 8200 нафардан ортиқ, яқин келажакда уларнинг 456 нафарига чорвачилик, паррандачилик, ишлаб чиқариш, интенсив боғлар барпо этиш учун имтиёзли кредитлар берилиши кўзда тутилган.

Фестивалда маълумот берилишича, туман Ёшлар иттифоқи қошида ёшлар маркази ташкил этилиб, унинг моддий базасини мустаҳкамлаш режалаштирилган. Тўгаракларга 2000 га яқин уюшмаган ёшлар жалб қилинади.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида фаол ёшларимиз томонидан, туманимизда замонавий кутубхона қуриш ҳақидаги таклиф давлатимиз раҳбари томонидан мамнуният билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланди. Ургут туманида барпо этиладиган янги кутубхона ёшларнинг маънавий салоҳиятини юксалтириб, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши ва меҳрини янада оширади, шу билан биргаликда, 15 нафар ёш мутахассислар иш билан таъминланади.

ХУШ КЕЛИБСИЗ, ЧЕМПИОНЛАР!

Сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида туманимиз спортчилари катта ютуқларни қўлга киритмоқда. Ёшларимиз орасидан жаҳон, Осиё ҳамда мамлакат чемпионлари етишиб чиқмоқда. 

Фестиваль қатнашчилари дзюдо бўйича XV параолимпия ўйинлари чемпиони Ўткир Негматов, дзюдо бўйича жаҳон кубоги кумуш медали соҳиби Васила Алибекова, турон кураши бўйича бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, жаҳон кубоги совриндори Навбаҳор Каримоваларни гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар.

Ёш спортчилар ва чемпионлар ўртасида қизғин суҳбатлар бўлди. Ўткир Негматов дзюдочи ёшларга ўзининг шу спорт тури бўйича қўлга киритган ютуқлари ҳақида гапириб, ирода, меҳнат, машқ келажак ютуқлари гарови эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг меҳмон спортчилар 1-болар-ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари шуғулланадиган спорт зали, сузиш ҳавзаси, футбол майдонлари, уларда яратилган шароитлар билан танишдилар. 

- Замонавий услубда қурилган, барча шароитлар муҳайё қилинган спорт мажмуаси менда катта таассурот қолдирди, - деди Васила Алибекова.

ЎЙНА, ЁШЛИГИМ, КУЙЛА, ЁШЛИГИМ...

Ёшлар фестивалининг энг жозибали, дилларга ором бағишлаган қисми галаконцерт бўлди.

Туманимизнинг хушовоз хонандалари Исломжон Каримов, Азамат Ваҳобов, Шерали Баҳруллаев, Бобурмирзо Яздановлар томонидан Ватанни, муҳаббат ва ёшликни тараннум этган куй-қўшиқларга барча фестивал қатнашчилари рақсга тушишди. Мовий осмон узра тинчлик рамзи ҳисобланган оқ кабутарлар учирилди. Шу куни “Ёш қўшиқчи” ижрочилар танлови ҳам ўтказилди. 

Ёшлар фестивалида шеърият, спорт, маданият, фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритиб, совринли ўринларни эгаллаган бир гуруҳ ўқувчи ёшларга ташаккурномалар, фахрий ёрлиқлар топширилди.

Тоғлар этагидаги зумрад маскан - Ургутда ўтказилган ёшлар фестивали қатнашчиларда олам-олам таассурот қолдирди.
Сирожиддин ТАЙЛОНОВ,
Жасур МАМАДАМИНОВ.

2015-2018 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15