СОБИҚ ЎҚУВЧИЛАРНИНГ МАКТАБГА ТУҲФАСИ

Саховатпешалик халқимизга хос азалий қадриятдир. Неча асрлардан бери яшаб келаётган ушбу инсоний фазилат бугунги кунда янгича тарзларда намоён бўлиб, ҳаётимизда мустаҳкамланиб бораётганлиги билан янада қадрлидир.
6-умумтаълим мактаби туманимизда ўзига хос ўрни ва салоҳиятига эга илм масканлардан бири. Шубҳасизки, ушбу даргоҳда таълим-тарбия олган кишилар бугун халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилишади. Жонажон Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, дастурхонимизнинг тўкин-сочинлигида уларнинг ҳам беминнат хизматлари бор. 
Айтиш жоизки, бундай ўғил-қизлар юртимизнинг ёки жаҳоннинг қайси гўшасида меҳнат қилишмасин, ўзлари илм олган мактаб жамоаси билан алоқаларни узган эмас, доимо алоқада. Вақт топилди дегунча, мактаб ҳаётидан хабардор бўлиб, бу ерда олиб борилаётган ишлар, ўқув жараёни ва битирувчиларнинг тақдири билан қизиқишади. 
Мактабни 2008 йилда тугатган собиқ ўқувчилар ҳам ана шундай, жонажон мактаб ҳаётига бефарқ бўлмаган ёшлардан. Яқинда улар ўқувчилар билим олишлари учун жуда муҳим бўлган савобли ишга қўл уришди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан мактаб кутубхонаси ва ўқув зали тўлиқ таъмирланиб, чиройли, кўркам ва замонавий кўриниш касб этди.
- Мактабимиз кутубхонаси ва ўқув залини бундай шинам қиёфага келтириш учун ташаббускор ҳомийларимиз томонидан 10 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди, - дейди мактаб директори Сайёра Ҳафизова - Кутубхона жамланмамиз мингдан ортиқ турли адабиётлар, ўқув қўлланмалари билан бойиди. Албатта, бу китоблар ўқувчиларимизнинг янада мустаҳкам билим олишлари, қолаверса, жамиятимизга муносиб авлод бўлишларига хизмат қилади.

Мавлонберди МЕЙЛИЕВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15