“МЕН - ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОСИМАН!”

Бугун Ўзбекистон Республикаси фуқароси деган шарафли номга лойиқ топилган ватандошларимиз тилидаю дилида шукроналик туйғулари жўш урмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишга оид фармонлари кўплаб юртдошларимизга, уларнинг оиласига, яқинларига қувонч ҳадя этяпти. 
Шодмонқул Тўраев 1947 йилда Ургутнинг Торинжак маҳалласида туғилган. 1956 йилда тақдир тақозосига кўра ота-онаси билан Тожикистон Республикасига кўчиб кетишди. 
Ш.Тўраев қўшни республикада ўқиди, илм олди. Тожикистон Давлат университетининг юридик факультетини тугатгач, ҳуқуқ-тартибот идораларида хизмат қилди. Жумладан, Тожикистон Республикаси Бош прокуратурасида фаолият олиб борди. Адлия катта маслаҳатчиси даражасига эришди.
1993 йилда оиласи билан Ургутга қайтди. Корхона-ташкилот ва муассасаларнинг юридик хизматларида ишлади.
Нафақага чиқиб, кексалик гаштини сураётган Ш.Тўраев фарзандлари ва набиралари бағрида эл-юрт иззат-эҳтиромини дилдан ҳис этиб, умргузаронлик қилмоқда. Унинг давлатимиз раҳбарига йўллаган мурожаати эътиборсиз қолмади. Шодмонқул Тўраев “Ўзбекистон Республикаси фуқароси” мақомига эга бўлди. Туман бўйича ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида унга фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди.
- Оилам тинч, дастурхоним тўкин, маҳалла-кўй орасида ҳурмат-эътиборим жойида. Аммо дилимда бир кемтиклик бор эди. Бугунги қувончимни сўз билан ифодалашим қийин. Чунки, бу кунларни кўп йиллар интиқлик билан кутганман. Умрим поёнига қадар бу ғамхўрлик ва эътиборга, шарафли номга лойиқ бўлишга интиламан, - дейди Шодмонқул Тўраев.
“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун кучга кирган вақтда турли сабабларга кўра чет элларда бўлган, узоқ йиллар бугунгидек ҳаяжонли онларни кутиб яшаган Ш.Тўраев сингари ватандошларимизнинг орзулари ушалмоқда. Уларнинг хонадонида, иш жойларида, туғилиб ўсган маҳалласида байрамона кайфият ҳукмрон. Чунки, улар шу азиз Ватаннинг тўлақонли фуқароси, деган юксак номга сазовор бўлдилар.

Б.ЯРБАБАЕВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15