СОЛИҚ ТИЗИМИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР ТУШУНТИРИЛДИ

Корхона, ташкилот ва муассасаларда 2019 йилги солиқ тизимига киритилган ўзгаришларга бағишланган семинарлар ўтказилмоқда. Уларда туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Зариф Аминов, соҳа мутахассислари ва экспертлар янги солиқ концепциясидаги янгиликлар ва 2019 йилги солиқ тизимига киритилган ўзгаришлар ҳақида фуқароларга, тадбиркор ва ишлаб чиқарувчиларга тушунча беришяпти. Халқ қабулхонасида, “Халқ банки” туман филиали, Ургут савдо комплекси ва бошқа ташкилотларда ҳам ана шундай семинарлар бўлиб ўтди.

Маълумот берилишича, жорий йил 1 январдан эътиборан, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган солиқлар деярли икки баробарга камайди. Иш ҳақидан тўланадиган солиқлар 12 фоизга туширилиб, даромад ва ягона ижтимоий тўловдан озод бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 4 фоиз миқдорида белгиланди.

Соҳалар бўйича ягона солиқ тўлови ставкалари божхона брокерлари учун 5 фоиз, ломбардлар учун 25 фоиз, концерт-томоша кўрсатишдан даромад олувчи юридик шахслар учун 5 фоиз миқдорида белгиланди. 

Умумий овқатланиш корхоналари аҳолиси 100 минг кишидан кўп шаҳарларда 8 фоиз, бошқа аҳоли пунктларида 6 фоиз, бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларда 4 фоиз, таълим муассасаларида хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналари - жойлашган жойига қараб белгилаганган ставканинг 75 фоиз миқдорида солиқ тўлайдилар.

Чакана савдо соҳасида солиқ тўловчилар аҳолиси 100 минг кишидан кўп шаҳарларда 4 фоиз, бошқа аҳоли пунктларида 2 фоиз, бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларда 1 фоиз, алкоголь, тамаки, бензин, дизель ёқил-ғиси, сиқилган ва суюлтирилган газ реализацияси билан шуғулланувчи шахслар 4 фоиз, улгуржи савдо корхоналари учун 4 фоизли солиқ ставкаси амалда бўлади.

Дорихоналар аҳолиси 100 минг кишидан кўп шаҳарларда 3 фоиз, бошқа аҳоли пунктларида 2 фоиз, бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларда 1фоиз миқдорида солиқ тўлайдилар.

Қарорга мувофиқ, ягона ижтимоий тўлов ставкалари солиқ солинадиган базага нисбатан бюджет ташкилотлари ва давлат корхонлари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар учун 25 фоиз, бошқа юридик шахслар учун 12 фоиз миқдорида белгиланди.

Шунингдек, Солиқ кодексига “қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби“ киритилди. 

Н.БОБОЕВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15