АФFОН УРУШИ ЖАНГЧИ-ФАХРИЙЛАРИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Шаҳримиздаги 31-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби концерт залида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 январдаги фармойишига асосан, мамлакатимизда “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда собиқ иттифоқ чекланган қўшинлари Афғонистон тупроғидан олиб чиқилганининг 30 йиллиги муносабати билан маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлимининг раҳбари С.Мусурмонов тадбирни очиб бериб, иштирокчиларни сана муносабати билан қутлади.

Шундан сўнг “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси туман бўлимининг раиси Раҳимберди Сатторов сўзга чиқиб, Афғон урушида Республикамиздан 15 мингдан зиёд йигитлар қатнашгани, жумладан, туманимиздан ҳам 480 нафар йигитларимиз афғон тупроғида мардонавор жанг қилганликларини, ана шу ҳарбий ҳаракатларда ўн бир нафар ургутликлар ҳалок бўлганлигини кўзда ёш билан гапириб ўтди.

“Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Х.Ибрагимов, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Н.Жўраев, шоира С.Саидмуродовалар сўзга чиқиб, Афғон жангчиларининг ҳаёт тажрибалари бугунги ёш авлод учун ибрат мактаби эканлиги ҳақида алоҳида тўхталдилар.

Афғонистондаги жангларда қатнашган, бирлашма фаолиятида муносиб иштирок этиб келаётган бир гуруҳ собиқ жангчиларга вилоят, туман бўлимларининг ташаккурномалари топширилди. “Боғи Усмон” базмгоҳида тўкин дастурхон ёзилиб, собиқ аскарлар дилдан суҳбатлашдилар. Туман бадиий ҳаваскорлари томонидан адабий-бадиий композиция намойиш этилди.
Жасур МАМАДАМИНОВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15