“Жартепа”: Чегарадан салкам 1 миллион фуқаро ўтиб-қайтди

Президентимиз томонидан ташқи сиёсат борасида амалга оширилаётган конструктив ва ўзаро манфаатга асосланган жадал ислоҳотлар натижасида Марказий Осиё минтақасида жойлашган қўшни мамлакатлар билан кўп қиррали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, халқларимиз дўстлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Хусусан, 2018 йил 1 мартдан бошлаб халқаро мақомга эга бўлган Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида жойлашган “Жартепа” чегара ўтказиш пункти қайта ўз фаолиятини бошлади.

Бу ерда чегара орқали ҳаракатланувчи фуқаролар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, кириш ва чиқиш залларида иситиш-совутиш тизими жиҳозланган, постда ногиронлик ва юк ташишга мўлжалланган аравачалар мавжуд.

Ўрнатилган пештахталарда эса фуқаролар ўзлари билан олиб ўтиши мумкин бўлган товар-моддий бойликлар меъёрлари ҳамда валюта қимматликлари тўғрисида барча маълумотлар ўзбек, тожик ва рус тилларида кўрсатиб ўтилган.

“Жартепа” чегара божхона пости очилганидан шу кунга қадар, киришда 460 мингга яқин, чиқишда 455 мингдан ортиқ, жами 915 минг нафар йўловчилар ҳаракатланган бўлиб, кунига ўртача 2100-2200 нафар фуқаро божхона кўриги ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Пост орқали ўтган давр мобайнида жами 61 мингта, шундан киришда 30 мингга яқин ва чиқишда 31 мингдан ортиқ, кунига ўртача 140-150 та автотранспорт воситалари ҳаракатланмоқда.

Божхона назоратини амалга оширишда божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартиришга устувор вазифа сифатида қаралиб, божхона ходимлари томонидан ҳар бир енгил автомашина ўртача 15-20 дақиқада божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Божхона назоратини амалга ошириш мақсадида замонавий рентген аппарати (Rapiskan, Nuctech), кузатув камералари, назорат техник воситалари ва жиҳозлари билан таъминланганлиги фуқаролар ҳамда уларнинг юкларини тезкор тартибда божхона назоратидан ўтказиш имкониятини бермоқда.

“Жартепа” чегара божхона постида яратилган қулайликларга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан белгиланган тартибни бузиб, товарларни божхона назоратидан яширинча олиб ўтиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган давр мобайнида пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар томонидан жами 320 та божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланиб, умумий қиймати 714 миллион сўмлик товар-моддий бойликларининг ноқонуний айланишига чек қўйилди.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида 1 ҳолатда 250 таблетка психотроп моддалар, 1 ҳолатда “марихуана” гиёҳвандлик воситаси, 28 ҳолатда тамаки маҳсулотлари, 11 ҳолатда алкоголли маҳсулотлар, 3 ҳолатда тақиқланган мазмундаги диний материалларнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди.

Айни пайтда “Жартепа” чегара божхона пости белгиланган тартибда иш фаолиятини давом эттирмоқда.

Самарқанд вилояти божхона

бошқармаси ахборот хизмати.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15