ЎЗБЕКЛАР ВА ТОЖИКЛАР ДЎСТЛИГИ ЧЕГАРА БИЛМАЙДИ

“Ургут садоси”да хабар берилганидек, яқинда “Жартепа” чегара божхона пости орқали Ургут туманига Тожикистон Республикасининг Панжикент туманидан меҳмонлар келди. Туман раҳбари бошчилигидаги гуруҳ таркибида панжикентлик тадбиркорлар, фермерлар, маданият ва санъат ходимлари, зиёлилар бор эди. “Чегара билмас дўстлик” деб номланган фестивали иштирокчилари “Жартепа” чегара постида тантанали кутиб олинди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, “Жартепа” чегара божхона постидан ҳар куни икки мингдан ортиқ одам ва 150 га яқин транспорт воситалари ҳаракатланади. Чегарадан ўтган фуқароларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш учун божхона пости замонавий рентген аппарати, видеокузатув камералари ва техник назорат воситалари билан жиҳозланган. 

Биз қўшни Тожикистондан келган меҳмонлар билан бу ерда яратилган шарт-шароитлар тўғрисида суҳбат қурдик.

Луқмон ҚУРБОНОВ,

Панжикент туман газетаси муҳаррири:

– Аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, биз халқларимизнинг дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва асраб-авайлашимиз керак. Чегаралар очилганидан бери ҳамкасбларимиз билан Самарқандга бир неча бор ташриф буюрдик. Маҳаллий газеталар фаолияти билан танишдик ва ўз тажрибамиз билан ўртоқлашдик. Албатта, маданий ва гуманитар алоқалар халқларимизни яқинлаштиради. Самарқандда тожик тилида “Овози Самарқанд” вилоят газетаси чоп этилади. Самарқанд давлат университетида эса тожик филологияси факультети, ҳудудларда тожик тилида дарс берадиган мактаблар мавжуд. Бизнинг халқларимиз Ўзбекистондаги Тожик миллий маданий маркази ва Тожикистондаги Ўзбек миллий маданий марказини бирлаштиради. Дўстлик, ижодий сафарлар, маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар ва конференциялар, делегацияларнинг ўзаро ташрифлари маданий алоқаларни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшмоқда. Бугунги ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир тимсоли бўлди.

Матлуба АБДУЛЛАЕВА, 42 ёшда:

–Ўзбек-тожик давлат чегараси очилганини билганимдан сўнг, мен тадбикорлик билан шуғулланишга қарор қилдим. Ўтган йилнинг март ойида чегарани кесиб ўтиб, Ургут кийим-кечак бозорига йўл олдим. Аввалига бироз ҳайиқдим. Чунки мен ўзбек тилини ва товарларни ташиш қоидаларини билмасдим. Орадан вақт ўтиб, менинг ишларим юришиб кетди. Самарқанддаги ҳар бир фуқаро ва чегарада турган божхона ходимлари тожик тилини билади. Бундан ташқари, божхона постида товараларни олиб кириш ва олиб чиқиш нормалари акс эттирилган ахборот бурчакларидаги маълумотлар ҳам тожик тилида баён этилган. Бу эса тартиб-қоидаларни тезда ўзлаштиришимизга хизмат қилади. Чегараларимиз очилиши икки мамлакат ишбилармонлари учун қулай имкониятлар яратади.

Бунёд САТТОРОВ, 50 ёшда:

– Рафиқам билан бирга узоқ вақт кўрмаган қариндошларимни кўргани келдим. Панжикент билан қариндошларим яшайдиган қишлоқ орасидаги масофа 25-30 километрни ташкил қилади. Бироқ, пост ёпилганлиги сабабли бу вақт давомида Бекобод пости орқали 400 километрдан ошиқ масофани босиб ўтиш керак эди. Шу боис йиллар давомида ака-ука ва опа-сингилларим билан қариндошларни кўролмасдим. Буларнинг бари ортда қолди. Энди эса бир неча дақиқали масофани босиб ўтиб, Самарқандга кириб келаяпман. Божхона назоратидан ўтиш ҳам кўп вақтни талаб қилмайди. Бугун атиги 10 дақиқа ичида божхона назоратидан ўтдик. Бу йўловчилар учун жуда қулай. Чегаранинг очилиши ўзбек ва тожик халқларини янада жипслаштиради. 

Мавлуда АБДУРАҲМОНОВА, 67 ёшда:

- Самарқанд доимо ўз зиёратгоҳлари билан машҳур бўлиб келган. Бу афсоналар диёри. Доим Хўжа Дониёр мақбарасини зиёрат қилишни хоҳлардим. У турли динларга эътиқод қилувчиларнинг ҳурматга сазовор маскани. Илк бор Самарқандга келганимда ёш қизча эдим. Онам қўлимдан етаклаб, Хўжа Дониёр мақбарасини зиёрат қилдирган эди. Болалик хотираларим менга жуда қадрли. Самарқанд билан боғлиқ энг илиқ хотираларим бор. Бу ернинг одамлари жуда меҳрибон ва меҳмондўст. Самарқандга невараларим билан тарихий жойларни кашф этиш учун кўпроқ келишни режалаштиряпман. 

Отабек ШАРИПОВ, 31 ёшда:

- Мен шартномалар тузиш ва бизнесимни ривожлантириш учун Самарқандга келдим. Тожикистонда кичкина тўқимачилик дўконим бор. Ўзбекистондаги йирик корхоналар фаолияти билан танишиш ва тажриба орттириш учун Тошкентга бордим. Тошкентда ишлаб чиқариш ва экспортни йўлга қўйишнинг нозик жиҳатлари ҳақида маълумот берувчи дўстларим бисёр. Тажриба алмашиб, жуда кўп нарсаларни билиб олдим, ҳамкасбларим қандай ишлашини кўрдим. Энди ўзим ишлаб чиқарадиган маҳсулотларнинг сифатига кўпроқ эътибор қаратаман. Бундан ташқари, бугунги кунда икки мамлакат ишбилармонлари учун янги имкониятлар, бож имтиёзлари ва преференциялар мавжуд бўлиб, бу режаларим амалга ошишига ёрдам беради.

Вилоят божхона бошқармаси Ахборот хизмати.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15