Ургут туманининг учта маҳалласида мобил боғчалар ташкил этилади

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан узоқ қишлоқ жойлари, тоғли туманлар, бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари учун мўлжалланган мобил ва модулли МТТлар тақдим этилди.

Вилоятимизда Ургут туманидаги учта маҳаллада мобил ва модулли мактабгача таълим ташкилотлари синов тариқасида ўз фаолиятини бошлайди.

- Жўраптепа, Навбоғ, Мурод қишлоқлари туманимизнинг энг чекка ҳудудларида жойлашган, - дейди туман мактабгача таълим бўлими мутахассиси Одил Махматжонов. – Ушбу “Isuzu HC 40” автобуслар базасидаги мобил МТТларда 3-7 ёшгача бўлган 16 нафар бола 3 соат давомида машғулотлар ўтади. Автобуслар болаларнинг таълим-тарбия олиши учун замонавий анжомлар билан жиҳозланган, қуёш батареялари ўрнатилган. Мобилли МТТ ёнида болаларнинг очиқ машғулотлар ўташи учун ўйин майдонлари ташкил этилади. Ҳозирда туман ҳокимлиги қарори билан ер ажратилиб, мобил МТТлар учун болалар ўйингоҳи қурилмоқда.

Таълим-тарбия жараёни икки сменада ташкил этилади. Мобил МТТларда болалар овқатлантирилмаса-да, енгил тамаддини иситиб олиш имкони яратилади. Машғулотларнинг салмоқли қисми очиқ ҳавода ўтказилиб, болалар учун махсус шийпонли, тўсиқли, ўриндиқли, ўйин уйчаси ва қумхонали тураргоҳчалар, тепалик ва арғимчоқлар ташкил қилинади.

2015-2019 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15