ИИББ сунъий нотекисликларнинг техник талаблари ва уни қандай йўлларга ўрнатиш мумкин эмаслигига ойдинлик киритди.

ИИББ сунъий нотекисликларнинг техник талаблари ва қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатларига ойдинлик киритди. Бошқарма матбуот хизматининг маълум қилишича, «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» унитар корхонаси томонидан «Сунъий нотекисликлар. Умумий техник талаблар. Қўллаш тартиби» номли Ўзбекистон давлат стандарти ишлаб чиқилган.

Ушбу стандарт ГОСТ Р 52605 (РФ) асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Япония, АҚШ, Финляндия, Дания ва Швеция йўлларидаги овоз чиқарувчи йўлаклардан фойдаланиш тажрибаси ҳам инобатга олинган. Ҳужжат Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2019 йил 1 июлдаги №05-1046-сон қарори билан тасдиқланган.

Ҳужжатга кўра, сунъий нотекислик — йўл қисмида йўл ўқига перпендикуляр тарзда жойлашган, тезликни мажбурий пасайтириш учун мўлжалланган махсус баландликдир.

Сунъий нотекисликлар (СН) транспорт воситалари тезлигини рухсат берилган 40 километр/секунд кўрсаткичигача пасайтириш учун йўлларнинг алоҳида жойларида ўрнатилади.

СНнинг конструкцияси ишлаб чиқариш технологиясидан келиб чиққан ҳолда яхлит ва йиғма турларга бўлинади. СН узунлиги йўлнинг энидан калта бўлиши мумкин эмас (ҳар иккала томонда 0,2 метрдан ортиқ бўлмаган чекланиш бўлиши жоиз).

Жойларда СН ўрнатиш учун йўл ҳудудида оқова ариқ ташкиллаштириш зарур. Бундан ташқари, ҳайдовчилар сунъий нотекисликлар ҳақида йўл белгилари ёрдамида олдиндан огоҳлантириладилар.

Яхлит конструкцияларга қўйиладиган талаблар

Сунъий нотекисликларнинг яхлит конструкциялари асфалт-бетондан ишланган бўлиб, икки хил — тўлқинсимон ва трапециясимон бўлишлари мумкин:

Сунъий нотекислик тури ҳаракат йўлида сувнинг оқиб кетиши йўналишидан ҳамда яқин атрофда ёмғир тўпловчи қудуқлар борлигидан келиб чиқиб танланади.

Бундан ташқари, сунъий нотекислик хусусиятлари (баландлик, узунлик, оғишганлик даражаси) йўлдаги ҳудудда максимал мумкин бўлган ва йўл белгисида кўрсатилган тезликни инобатга олишлари зарур.

Сунъий нотекисликларга қўйиладиган алоҳида талаблар релссиз транспорт воситаларининг мунтазам ҳаракати амалга ошириладиган йўлларда таклиф этилади.

Мавзуга доир: ИИБ Навоий—Зарафшон йўлидаги «сунъий йўл нотекислиги» ЙТҲларга ва одамлар ўлимига сабаб бўлаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Йиғма конструкциялар

Сунъий нотекисликларнинг йиғма конструкцияси бир қатор бир қолипдаги геометрик мувофиқ бўлган асосий ва чекка элементлардан иборат. Ушбу турдаги сунъий нотекисликлар элементларининг ўлчами рухсат этилган максимал тезлик чеклови талабидан келиб чиққан ҳолда танланади. Шунингдек эластик жисмдан тайёрланган сунъий нотекислик қаттиқлиги кўрсаткичлари, СНга тунги вақтда кўринувчанликни таъминлаш учун ёруғлик қайтарувчи элементлар ётқизилиши ҳамда ёруғлик қайтарувчи элементлар емирилгандан сўнг уларни ўз вақтида алмаштиришни таъминлаш белгиланган.

Конструкцияда йўл қопламасини монтаж ва демонтаж қилиш, шунингдек, унинг баъзи элемент ва қисмларини алмаштириш имконияти назарда тутилган бўлиши керак.

(а – битта асосий ва чекка элементлардан иборат сунъий тўсиқ; б - иккита асосий ва чекка элементлардан иборат сунъий тўсиқ)

Сунъий нотекисликларнинг ҳолатини назорат қилиш эҳтиёжи алоҳида қайд этилди. Ўйиқ, ёрилиш ва бошқа турдаги футурлар бор-йўқлиги мунтазам равишда текширилади. Камчилик топилганда уни бартараф қилиш муддати уч кундан ошмаслиги керак.

Сунъий нотекисликларни қўллаш қоидалари:

Сунъий нотекисликларни асфалт-бетон ва цемент-бетон қопламаларга эга йўлларда ўрнатиш режалаштирилмоқда. Сунъий нотекисликларни қуйидаги жойларда ўрнатиш мумкин:

  • болалар ва ёшлар таълим-тарбия муассасалари ёнида тартибга солинмаган ер усти пиёдалар йўлакчаларидан 10-15 метр олдинроқ;
  • авариявийлик сабаблари таҳлилига кўра йўлларнинг маълум қисмларида, айниқса, болалар ва ёшлар таълим-тарбия муассасалари олдидаги хавфли ҳудудлар бошида, болалар майдончаси, жамоат дам олиш жойларида, стадионлар, вокзаллар, дўкон ва пиёдалар жамланадиган бошқа объектлар олдида;
  • 3.24 «Юқори тезлик чекланган», 5.38 «Турар жой даҳаси» йўл белгилари томонидан ўрнатилган 40 километр/секундгача тезлик чеклови жорий қилинган йўлларнинг хавфли жойлари олдида;
  • кесиб ўтиладиган йўл бўйича яқинлашаётган, транспорт воситалар кўринувчанлиги таъминланмаган тартибга солинмаган чорраҳалар олдида, 2.5 «Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган» белгисидан 30 метрдан 50 метргача масофада;
  • 1.21 «Болалар» белгисининг амал қилиш ҳудуди бўйлаб ҳар 50 метр масофада.

Шунингдек сунъий нотекисликлар ўрнатиш мумкин бўлмаган йўл ҳудудлари белгиланди. Хусусан, рўйхат қуйидагилардан иборат: халқаро аҳамиятга эга бўлган йўллар, йўлаклар сони 4 ва ундан ортиқ бўлган республика аҳамиятига эга бўлган йўллар (аҳоли сони 1000 кишидан ортиқ бўлган қишлоқ ва шаҳарлар бўйлаб ўтган йўллардан ташқари); жамоат транспорти тўхташ майдончалари ёки уларга қўшни ҳаракат йўлакларида; кўприклар, кўприк йўллар, осма кўприклар, туннеллар ва кўприк ости йўлларида; шаҳарлардаги тезликда ҳаракатланиш магистрал йўлларида ва умумшаҳар аҳамиятига эга тўхтовсиз ҳаракат магистрал кўчаларида; шифохоналарга, тез тиббий ёрдам бекатларига, ёнғин хавфсизлиги бекатларига, автобус ва троллейбус хиёбонларига, гараж ва тураргоҳ майдончаларига кириш йўлларида.

Овоз чиқарувчи бўйлама йўлаклар

Овоз чиқарувчи йўлак — бу йўл қопламаси устидаги ва бўйлама йўлаклар кўринишидаги сунъий нотекисликлар кўринишига эга бўлган (чуқур ёки баландлик) йўл ҳаракатини ташкиллаштириш воситасидир. Ушбу восита ҳайдовчини йўлнинг хавфли қисмига яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантириш учун транспорт воситаларининг илмоқ қисмларини титратиш ва ғилдираклар айланиши шовқинини ошириш хусусиятига эга.

Овоз чиқарувчи бўйлама йўлакларни ҳужжат билан белгиланган бир қатор сифатларга эга икки йўлакли йўлнинг ўқи бўйлаб ва йўлнинг чекка қисмига ўрнатиш мумкин.

Овоз чиқарувчи бўйлама йўлакларни кўприклар, кўприк йўллар ва уларга чиқарувчи йўлларда, йўллар қисқарадиган жойларда, қувиб ўтиш мумкин бўлган икки йўлакли йўллар ҳудудида, кесишма ва туташувларда, шунингдек, чорраҳа чегарасидан 10 метрдан кам бўлган масофада, йўлларнинг овоз чиқариш бўйича чекловга эга бўлган ҳудудларида ўрнатиш мумкин эмас.

Овоз чиқарувчи бўйлаба йўлаклар фрезалаш усули билан тайёрланиб, эни 0,2 дан 0,4 метргача бўлган ва узунлиги 0,1 дан 0,2 метргача бўлган алоҳида бирин-кетин элементлардан ташкил топган бўлиши керак. Элементлар чуқурлиги 1 дан 2 смгача бўлиши лозим. Қўшни элементлар ўқлари орасидаги масофа икки элемент узунлигидан кам ва 1,2 метрдан кўп бўлмаслиги керак.

«Сунъий нотекисликлар ва уларни ҳужжатга мувофиқ ўрнатиш бўйича тасдиқланган давлат стандарти йўл ҳаракати хавфсизлигини кескин оширишга имкон яратади», — дейилади ИИББ хабарида.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15