ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНА - ТАРАҚҚИЁТ ТАЯНЧИ

Бугунги давр иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш, шу орқали жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга эришиш хорижий, биринчи галда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратишни талаб этади. Албатта, бундай долзарб вазифаларни амалга оширишда эркин иқтисодий зоналарнинг роли ва ўрни муҳим аҳамиятга эга.

Ана шу мақсадларни кўзлаган “Ургут” эркин иқтисодий зонаси давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги Фармонига мувофиқ ташкил этилган эди.

Иқтисодий зонанинг умумий ер майдони 816 гектарни, шундан Ургут туманида 390 (Мерганча массивида 144 гектар ва Сариқтепа массивида 246 гектар), Паст Дарғом тумани Дўстлик массивида 66 ва Нуробод тумани Сазағон массивида 360 гектарни ташкил этади.

Инвестиция лойиҳалари бўйича Эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгаши томонидан умумий қиймати 188,7 миллион АҚШ долларлик 58 та лойиҳа маъқулланди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда ва бу борадаги амалий ишлар кенг қамровда кетмоқда.

Ушбу лойиҳалар асосан тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак, чарм пойабзал, кимё саноати, полимер ва пластик маҳсулотлари, фармацевтика, қурилиш материаллари, маиший ва электротехника буюмлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноати соҳаси бўйича олиб борилади.

- Ҳозирги кунда ЭИЗнинг Мерганча массивида 38 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 13 таси эркин иқтисодий зона иштирокчиси ҳисобланади, - дейди “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси бўлим бошлиғи Исломиддин Норимов. - Эркин иқтисодий зоналар мамлакатни халқаро меҳнат тақсимоти жараёнларига янада чуқурроқ жалб қилиш, яъни экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда шу орқали валюта тушумини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, эркин иқтисодий зоналар мамлакат ички бозорларини импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда шу ҳудудда чет эл сармояси ёрдамида юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш имконини беради. Айтиш ўринлики, юқорида қайд этилган 38 та корхона томонидан 2017 йилнинг 9 ойи давомида 478,0 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 15,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги саноат маҳсулоти экспортга йўналтирилди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг тўлақонли ишга тушиши нафақат саноатнинг ривожланиши, балки туманда туризм соҳасининг ҳам ривожланишига амалий туртки бўлади.

Хусусан, тумандаги “Чор-Чинор”, “Хўжа-Амон” ва “Ғавсул Аъзам” зиёратгоҳлари ҳамда “Сариқтепа” массиви ёнидаги “Хўжайдуқ” қишлоғида жойлашган “Ширвоқ ота” зиёратгоҳи ҳам турист ва саёҳатчиларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Зиёрат туризми билан бир қаторда экотуризмни ҳам ривожлантириш имкониятлари катта. Жумладан, “Тахтиқорача” довонидан ўтувчи Тошкент-Термиз йўли ёқасида ҳам туристлар учун дам олиш масканларини барпо этиш ва экотуризмни ривожлантириш мақсадида “Нotel” ва “Мotel”лар қурилишини амалга ошириш имкониятлари мавжуд ва бунинг учун “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг салоҳияти етарлича.

Дарҳақиқат, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этишнинг муҳим мақсади маълум ҳудуд ёки ишлаб чиқариш соҳасини иқтисодий ривожлантиришни рағбатлантириш, шунингдек, бозор иқтисодиётига ўтиш даврида эркин иқтисодий зоналардан иқтисодиётни модернизация қилишнинг ҳудудий услуби сифатида фойдаланишдир. Зеро, халқаро тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, бугун эркин иқтисодий зоналар нафақат сармояларни жалб қилиш, балки ҳудудий иқтисодий сиёсат воситаси ҳамдир.
Баҳодир ЖЎРАЕВ

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15