Табиий газ ва электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилмоқда

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан “HUDUDGAZ” Тошкент газ таъминоти ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “A.N.” МЧЖ раҳбари М.А. МЧЖнинг автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасига ўрнатилган газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказиш орқали 4,1 млн куб табиий газдан ўғрилик йўли билан фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига 4,1 млрд сўм зарар етказганлиги аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Андижон, Фарғона ва Тошкент вилояти бошқармаларининг туман-шаҳар бўлимлари томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда Марҳамат туманидаги автомобилларни ювиш шохобчасида, Риштон туманидаги оилавий шифокорлик пунктида, Оққўрғон туманидаги фермер хўжалиги даласида ҳамда Фарғона шаҳридаги савдо дўконида умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 215,4 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги фош этилган.  

Худди шундай, Департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “X.N.” фермер хўжалиги масъул шахслари хўжалик сув насосини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб жами 130 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда “O.B.” МЧЖ раҳбари автомобилларни ювиш шохобчаси электр ҳисоблаш ускунаси тамғасини бузиб, унга ташқи таъсир ўтказиш орқали 119,3 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15