МАҲАЛЛАДА НИМА ГАПЛАР?

Жорий 2018 йил Украч маҳалласи учун баракали келди. Маҳалламиз ўзининг янги, замонавий биносига эга бўлди. Фуқаролар йиғини ходимлари компьютер жамламаси, мебель жиҳозлари ва 100 дан ортиқ номдаги услубий адабиётлар билан таъминланди. Бу ҳам бўлса, давлатимиз раҳбарининг тизимни ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари натижасидир.
Маҳалламизда 772 та хонадонда 4000 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 800 дан ортиғи чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик, 100 га яқини тадбиркорлик, 30 дан ортиғи касаначилик билан шуғулланади.
Тадбиркорлик субъектлари сонининг ошиб бориши аҳолининг бандлик даражаси ошишида ҳам муҳим омил бўлмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 70 дан ортиқ коллеж битирувчиларининг иш билан таъминлангани ҳам бунинг далили бўла олади.
Маҳалламизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масаласи доимий эътиборимизда. Бунинг натижасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олди олиняпти. 
Садриддин ОТАМУРОДОВ,
Украч маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

* * *

Тароқли маҳалласи бошқаруви ҳам яқинда янги бинога кўчиб ўтди. Ҳашар йўли билан барпо этилган бино қурилиши учун 130 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланди. Маҳалла ёнида "Ёшлар меҳнат гузари" ташкил этилиб, тикувчилик цехи, гўзаллик салони, қассобхона фаолияти йўлга қўйилди. Яқин орада замонавий эшик-ром тайёрлаш ускуналари келтирилиб, дурадгорлик устахонасини очиш кўзда тутилган.

3 та хонадонда иссиқхона барпо этилди. Қишлоқдан ўтувчи йўлнинг катта қисми ҳашар йўли билан таъмирланиб, ўйдим-чуқур кўчаларга шағал ётқизилди. 

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурига мувофиқ, аҳолининг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш, уларнинг имтиёзли кредит олишига кўмаклашиш юзасидан тарғибот ишларини олиб боряпмиз.

Маҳалламиздаги мактаб 600 ўринга мўлжалланган. Мактабда ҳар ҳафтанинг пайшанба, жума ва шанба кунларида ўтказилаётган "Раис соати" доирасида ўқувчиларнинг давомати, ўзлаштириш даражаси ўрганиб бориляпти. Жорий йилда 7 нафар битирувчимиз олий ўқув юртларига ўқишга киргани барчамизнинг ютуғимиздир.

Қишлоғимиздаги мактабгача таълим муассасасида 50 нафардан ортиқ бола тарбияланяпти. Ушбу боғчада режалаштирилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг муассаса тарбияланувчилари сони икки баробарга ошади. 
Ҳазратмусо ҚУРБОНОВ,
Тароқли маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15