Зиёратгоҳлар

Ургут тарихи тўғрисида қисқача

МАЪЛУМОТ

            Ургут тумани Самарқанд вилоятининг жанубий шарқий томонидаги тоғлар этагида, денгиз сатҳидан тахминан 1000 метр баландликда жойлашган. Ургут тумани  бир томондан Қашқдарё вилояти, бир томондан қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадошдир. 

Ургут топонимининг келиб чиқиши ҳақида турли қарашлар мавжуд. Таниқли шарқшунос В.Л.Вяткин манғитлар ҳукмронлиги давридан бошлаб тарихий хужжатларда учрайдиган Аркут қишлоғи ургут деб атала бошлаганлигини таъкидлаган эди.

         Айрим олимларнинг тушунтиришича Ургут-Уркент (Ўрдаги, баланддаги шаҳар). Самарқанд Давлат университети профессори марҳум Р.Қунғиров раҳбарлигида 1967 йилда Ургутга топономик экспедиция уюштирган эди. Бу жамоа ҳам Ургут-Уркентдир деган хулосага келади. Ҳали Ургутнинг тпономик номи маъноси ҳақида аниқ тухтамга келинган эмас. Бу соҳада ҳар хил қарашлар, бахслашишлар давом этяпти.

         Ургут тумани 1926 йилда ташкил топган, 1120.28 кв.км ер майдонига эга, 427 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Жумладан ўзбек, рус, тожик, арман, татар, уйғур миллатлари вакиллари бир ота-она фарзандидек иноқ ҳаёт кечирмоқда.

Ургут ўзининг 100 минг йиллик тарихига эга бўлган табаррук гўша эканлиги қадимий манбалар асосида исботланган. Бунга туманда жойлашган қадимий манзилгоҳлар ва муқаддас қадамжолар яққол далилдир. Ургут ўзига хос миллий урф-одатлар, халқ ҳунармандчилиги ва этнографик хусусиятлари билан бошқа туманлардан ажралиб туради.

Бу эса ички ва хорижий саёҳатчилар учун ғоят диққатга сазовор хусусият ҳисобланади. Туманда сайёҳларнинг тинч, хотиржам, ва қизиқарли дам олишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Саёҳат ва дам олиш гўшаларида бемалол сайр этишлари учун транспорт тармоғи яхши ривожланган.

Ургутда сайёҳлар муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишлари, миллий урф-одатлар ва ҳунармандчилик жараёни билан танишувлари ҳамда табиатнинг дилтортар гўшаларида сайр қилиб дам олишлари мумкин.

Сайёҳлик маршрутларининг узунлиги биринчи йўналишда 5-8 км, иккинчи йўналиш бўйича эса 10,2 км бўлиб, ўртача тезликда 1-2 кунлик юриш учун мўлжалланган.


“ҒАВСУЛ АЪЗАМ“ ЗИЁРАТГОҲИ

Ушбу машҳур қадимий қадамжо Ургут шаҳрининг шарқ томонидаги Ғўс қишлоғида жойлашган. Бу ерда Ислом дунёсининг мутафаккири Абдуқодир Ғилоний шарафига рамзий мақбара қурилган Мустақиллик йилларида зиёратгоҳда туман ҳокимлигининг ташаббуси билан миллий меъморчилик талаблари асосида қўшимча бинолар қурилди. Зиёратгоҳ ҳузурида бой экспонатлар билан таъминланган ўлкашунослик музейи мавжуд.


«ХЎЖА ЧОРЧИНОР» зиёратгоҳи

Алпсимон чинорлар билан ўралиб, юқориси тоғлар билан туташиб кетган бу зиёратгоҳ Ургут шаҳри марказидан уч километр масофада жойлашган. Хушҳаволиги ва мафтункор манзараси билан ажралиб туради. Чинорлар хиёбони бўйлаб тоғнинг бир тегирмон муздек зилол суви оқиб туради.

Зиёратгоҳдаги чинорларнинг ёши 1000 йилдан ошган, деган тахминлар бор. Кириш дарвозасидан бошланган марказий йўлакнинг икки томонидан юқорига қараб чинорлар тизмаси қад ростлаб борган. Чап қатордаги чинорлар ичида иккинчи чинор ўзининг кенглиги билан кишилар диққатини тортади. Ривоятларга кўра, чинор ўтмишда чиллахона хизматини ўтаган. Шўроларнинг дастлабки ҳукмронлик даврида бир муддат большевикларнинг мажлис ўтказадиган жойи, кейинчалик эса мактаб вазифасини бажарган. Бошқа бир ривоятга кўра, араб қўмондонларидан бири Ҳожа Абу Толиб Ургутга ҳукмдор бўлиб, булоқ атрофида тўрт дона чинор эктиради. У вафот этгач (866-867 йиллар), шу чинорлар яқинида дафн этилади. Бу жойнинг яна бир номи “Хожа Чорчинор” деб аталишининг тарихи шу воқеа билан боғлиқ.

Чорчинор мажмуаси ичида 1914 йилда Шайх Муҳиддинхон томонидан қурилган масжид бор. Масжиддан дастлаб мадраса сифатида фойдаланилган. Бино Абдуқодир (1868-1934 йиллар) исмли уста томонидан қурилган. 1927 йилгача мазкур мадрасада нафақат Ургут, балки шу яқин ҳудудлардан келган толиби-илмларга сабоқ берилган.

Мажмуанинг ички қисмида бир нечта тарихий шахсларнинг қабрлари бор. Улардан бири машҳур эшон Валихон Исмоилхўжа ўғли (1842-1915 йиллар) бўлиб, Мир Араб мадрасасида мударрислик қилган. У кишининг ўғиллари Шайх Муҳиддинхон (1875-1931 йиллар) ҳам Ургутда яшаб, Бухоро мадрасаларида мударрислик қилган. Шайх Қутбиддинхон Муҳиддинхон ўғли (1906-1983 йиллар) машҳур шарқшунос олим бўлган.

Мажмуанинг ташқари қисмида эски қабристон бўлиб, Ургутда ҳукмдорлик қилганлар шу ерга дафн қилинган. 
 


«ХЎЖА ОМОН» ЗИЁРАТГОҲИ

Хўжа Омон зиёратгоҳи Ургут-Ғўс автомобиль йўлининг чап томонида бўлиб, ушбу муаддас зиёратгоҳда ислом динининг машҳур намоёндаси Хўжа Омон қабри устида муҳташам мақбара тикланган. Зиёратгоҳда кейинги йилларда кенг миқёсда ободончилик ишлари олиб борилди. Ҳозирда зиёратчи сайёҳлар учун масжид, тоҳоратхона ва ошхоналар хизмат қилиб турибди.


ТЕШИКТОШГА САЁҲАТ

Самарқанд-Термиз йўлидан Қоратепа қишлоғига кираверишда ўнг томонга эътибор берсангиз, тешик тошга кўзингиз тушади. У икки улкан кўчқорнинг бир-бири билан шохлашиб туришига ўхшайди.Германиялик киноижодкорлар суратга олган машҳур «Апачи» фильми худди ана шу жойларда суратга олинган


“ШИРВОҚ ОТА” ЗИЁРАТГОҲИ

Ушбу зиёратгоҳ Ургут туманининг Хўжайдуқ қишлоғида жойлашган. Тоғ этагида катта ва кенг ғор бўлиб унинг ичида маҳаллий аҳоли Ширвоқ ота деб атайдиган авлиё кишининг қабри бор. Ҳар йили баҳор ва ёз ойларида бу ерга қўшни вилоят ҳамда туманлардан ҳам кўплаб зиёратчилар келишади. Ширвоқ ота муздек сув чиқиб турувчи муқаддас чашмалари билан машҳур.


БОҒИ  ЖАҲОННОМА (Жаҳон кўзгуси). (Тахта Корача)

Амир Темур Самарқанддан етти фарсах (42 км) нарида, Зарафшон тоғи этагида қурдирган (тахминан Ургут туманида). Унда сарой ва қалъа бўлган. Боғнинг ҳудуди жуда ҳам катта бўлиб, йўқолиб қолган от 6 ойдан сўнг топилган экан.  

    


«МИНГАРЧА» ДАМ ОЛИШ ОРОМГОҲИ

«Мингарча» манзилгоҳи Самарқанд шаҳрининг жанубида, Тошкент-Термиз йўли ёқасида жойлашган. «Мингарча» дам олиш маскани қалин дарахтзорлар орасидаги сўлим ва гўзал бир маскан. У ерда мазмунли дам олиб, хордиқ чиқариш учун барча шароит бор.


ТАХТА ҚОРАЧА ДОВОНИГА САЁҲАТ

Самарқанд шаҳридан 42 километр жанубда Зарафшон тоғ тизмалари этагида соҳибқирон Амир Темурнинг машҳур Боғи Жаҳоннамо боғи ўрнида жойлашган сўлим тахта қорача манзилгоҳидир. Тарихий манбаларга кўра бу жойда қадимий сарой ва қалъа бўлган.


«ЯХДОН» ҒОРИ

Баланд тоғлар орасида жойлашган «Яхдон» Ғори Ургутсойнинг бошланиш манбаи сифатида эътиборга сазовордир. Муздек сув Ғорнинг чуқур қаъридан чиқиб келаётганлиги боис ундаги микроиқлим ёзда ҳам, қишда ҳам бир хил мўътадил даражада сақланади. Сайёҳлар тоғ йўлларидан баландлаб машҳур Аллаёрон чўққиларининг бутун маҳобати билан томоша қилишлари мумкин.
 

“КИЛСИ” ҒОРИ

1982 йилда Украина Республикаси олимлари томонидан ташкил этилган экспедиция Ургут тумани Қоратепа қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Омонқўтон қишлоғидаги тоғлардан бирини текширганларида бир ғорни топишади. Экспедиция аъзолари ғорнининг фақатгина 1076 метр узунликдаги қисмига қадар бора олишади. Ғорни ичи ўрганилганда кўл, оқар дарё ва қайиқлар топилади. Собиқ СССР Фанлар Академиясининг тавсиясига асосан мазкур ғор номи “КИЛСИ” (Киев, Львов, Самарқанд) деб аталади.


 

 

2015-2018 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15