«COVID 19 пандемияси даврида мактабгача таълим ташкилотларининг иш фаолиятига қўйиладиган вақтинчалик санитария-гигиеник талаблар» Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди ва ҳисобга олинди

«COVID 19 пандемияси даврида мактабгача таълим ташкилотларининг иш фаолиятига қўйиладиган вақтинчалик санитария-гигиеник талаблар» Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди ва ҳисобга олинди.

 Мазкур ҳужжат COVID-19 инфекцияси тарқалиш хавфи билан боғлиқ санитария-эпидемиологик вазиятда, тури, ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ)нинг иш фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.

 Ҳужжатга кўра, МТТга болаларни қабул қилиш вақтида қуйидаги асосий қоидаларга риоя этиш муҳим ҳисобланади:

 тарбияланувчини олиб келувчи ва олиб кетувчи шахс ва тарбияланувчилар МТТга тиббий ниқоб тартибига риоя этган ҳолда боради;

 тарбияланувчининг олиб келувчи ва олиб кетувчи шахсларга МТТ ҳудудига кириши тақиқланади;

 тарбияланувчини МТТнинг масъул ходими қабул қилиб олади ҳамда тиббий ходим томонидан “эрталабки фильтр” ўтказилади ва кўрсаткичлар махсус журналга қайд қилинади;

 тарбияланувчи “эрталабки фильтр”дан ўтгандан кейин гуруҳга киришдан олдин тиббий ниқобни ечади, кийим ва пойафзалини алмаштиради, сўнгра МТТ ходими назорати остида 20 сониядан кам бўлмаган муддатда қўлларини совун билан яхшилаб ювади;

 МТТда тарбияланувчиларнинг тана ҳарорати камида 2 марта (МТТга келганда ва уйга қайтишдан олдин) ва эҳтиёж бўлганда ўлчанади.

 Шунингдек, ҳужжатда тарбияланувчиларни хавфсиз таълим олиши ва тарбияланишини ташкил этиш чора-тадбирлари ҳам белгиланган.

 Жумладан, ўйинларни ўтказишда тарбияланувчилар гуруҳи ўзаро муносабатларни чеклаш орқали 2-3 боладан иборат кичик гуруҳларга бўлинади.

 Эслатиб ўтамиз, Президентнинг тегишли Фармонига (https://www.lex.uz/docs/4820060) кўра, техник ҳужжатлар жорий йилнинг 1 июлидан эътиборан Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олинади ва кучга киради.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15