Ҳокимларнинг ваколати қисқармоқда

Ҳокимларнинг ваколати қисқармоқда
 
     Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатлари янада кчайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди.

     Ушбу масала юзасидан Олий суд раисининг ўринбосари Б.Исоқов сўзга чиқди.

     Ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича ваколатларини чеклаш қонун лойиҳаси нормаларида ўз аксини топмоқда.

     Шунингдек, лойиҳа билан ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколати Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериляпти.

     Корхоналарни (ташкилотларни) давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи нормалар ҳам қонун лойиҳасига киритилиши назарда тутилмоқда.

     Шу билан бирга “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва ер кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

     Депутатлар таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мулкдорлар ҳуқуқларини, уларни мулк ҳуқуқидан асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳимоя қилади.

     Шунингдек, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларининг ўрни (шу жумладан, давлат томонидан) тўлиқ қопланиши, мулкдорларнинг давлатга ва унинг органларига бўлган ишончи ортишига хизмат қилади.
    
     Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15