Тошкент вилоятида 70 тезлик ўрнатилган жойдан 170 тезликгача ўтган 65 нафар байкерларга чора кўрилди

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан "Мотоцикл" рейд тадбири ўтказилди. 20 дан ортиқ мотоцикллар тўхталиб, ўнга яқин маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Бешта мотоцикл жарима майдонига қўйилган бўлса, учта давлат рақам белгиларини яшириш ҳолати аниқланди.

Ушбу тадбир содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисалари ва мотоциклларнинг хавфли ҳаракатлари кўпгина ҳаракат иштирокчиларининг эътирозларига сабаб бўлаётганлигини инобатга олиб ҳамда ҳаракат иштирокчиларини тартибга солиш мақсадида ташкил этилган.

Тадбир давомида 20 дан ортиқ мотоцикллар тўхтатилган. 8 нафар ҳайдовчиларга маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Шундан, тегишли ҳужжатлари бўлмаган 5 та мотоцикл вақтинчалик жарима майдонига киритилган бўлса, 3 та ҳолатда мотоциклларнинг давлат рақам белгиларини ҳайдовчилар томонидан яшириб олганлиги аниқланган.

ЙПХ инспекторлари ҳар бир мотоциклни тўхтатиб, ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини текшириш асносида улар билан "Йўл ҳаракати қоидалари" талаблари юзасидан суҳбатлар ўтказган. Айниқса, ҳаракат вақтида тезлик талабларига қатъий амал қилиш зарурлиги, тезликни ошириш қандай салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳар бир ҳайдовчига тушунтирилган.

Ушбу, 4Р12 "Бектемир-Чорбоғ" автомобиль йўлида автомобиллар ва мотоциклларнинг тез ҳаракатланишини ҳисобга олиб, мунтазам равишда махсус автоматлаштирилган фото қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган мисолларни келтириб ўтамиз.

Фоторадарларга жорий йилнинг ёз ойи бошидан буён 65 та мотоцикллар томонидан тезликни меъёридан ошириш ҳолати аниқланган.

Ачинарлиси буларнинг ҳаммаси аҳоли яшаш жойида яъни 70 км/соат тезлик белгиланган жойда 110 км/соат тезликдан ортиқ, 140 дан 166км/соат тезликкача ҳаракатланганлар.

Мисол учун, жорий йилнинг 6 август куни Юқоричирчиқ туманидан ўтувчи "Бектемир-Чорбоғ" автомобиль йўлининг 16 километрида Honda русумли Мотоцикл 70 км/соат тезлик белгиланган жойда 166 км/соат тезлик билан ҳаракатланган бўлса, 10 июль куни ушбу автомобиль йўлининг 34 километрида Suzuki русумли мотоциклда 146 км/соат тезлик билан ҳаракатланган.

Ушбу мотоцикл ҳайдовчиларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 128-моддаси 3 қисмига биноан базавий ҳисоблаш миқдорининг 9 баробарида жарималар белгиланиб, жарима қарорлари яшаш манзилларига жўнатилган.

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15