Асосий душманимиз – лоқайдлик ва бепарволик

Image_tadbir: 

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган навбатдаги аппарат йиғилишида инвестиция дастурига киритилган ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ишларининг бориши видеоселектор шаклида муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 январдаги фармонига мувофиқ инвестиция дастурига киритилган ва инқирозга қарши жамғарма маблағлари ҳисобидан қурилаётган ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати бирма-бир муҳокама қилинди. 

Тасдиқланган дастурга мувофиқ вилоятимиздаги 101 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун 456 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш режалаштирилган. Бу объектларнинг 54 таси умумтаълим  мактаби, 47 таси мактабгача таълим муассасаси, 19 таси соғлиқни сақлаш муассасаси, 2 таси  университет ва 7 таси бошқа муассасалардир. 

Дастлаб йиғилиш иштирокчиларига ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўтказилган мониторинг натижалари асосида тайёрланган видеолавҳа намойиш этилди.

Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида шаҳар ва туманларда олиб борилаётган қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишларида бир қатор камчиликлар аниқланган. 

– Деярли барча объектларда муаллифлик назорати мавжуд эмас. Қурилишлардаги қўпол қоидабузарликларни кўриш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. Видеотасвирларда қурилиш материалларини тежаш орқали бинолар барпо этилаётганини кўриш мумкин, – деди вилоят ҳокими.

Йиғилишда вилоят ҳокими ўз фаолиятига бепарво бўлган қурилиш компанияларини танқид қилди. Сектор раҳбарларини қурилиш ишларини доимий кузатиб боришга ва сифатга алоҳида эътибор қаратишга чақирди. Шунингдек, вилоят молия бошқармаси бошлиғига қурилиш ишларини молиялаштириш, яъни бажарилган ишларга ҳақ тўлашда камчиликларга йўл қўяётганлиги кўрсатиб ўтилди. 

Вилоят раҳбари таъкидлаганидек, бугун оддий фуқаролар ҳам қонунга риоя қилмаслик ҳолатларидан хабардор ва  уларнинг фаол фуқаролик позициялари туфайли камчиликлар ҳақида маълумотлар тегишли мутасаддиларга етказилмоқда. Бу эса вазиятни, йўл қўйилаётган камчиликларни тезкор бартараф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. 

– Шу ўринда савол туғилади – нима учун тегишли ташкилот раҳбарлари ушбу ишларга эътибор бермай келмоқда? Лоқайдлик ва бепарволик жамиятимизнинг асосий душмани, – деди Эркинжон Турдимов 

Йиғилишда вилоятда инвестиция дастури бўйича олиб борилаётган қурилиш ишларига эндиликда  вилоят прокурори томонидан ҳам назорат ўрнатилиши маълум қилинди.

Аппарат йиғилиш кун тартиби доирасида шунингдек, чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича мавжуд ишларнинг ҳолати ҳам муҳокама этилди. 

Муҳокама этилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди
 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15