РАСМИЙ МУНОСАБАТ

 

Ижтимоий тармоқларда, Ургут туманидаги 4 умумтаълим мактабида ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида юз берган ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади;

Ушбу ҳолат юзасидан Ургут туман халқ таълими бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилган. Ҳолат тумандаги 4 умумтаълим мактабида 2022 йил 12 октябрь куни соат 9:55 лар атрофида содир бўлган. Ўрганишларга кўра, дарсга кирмай юрган ўқувчи Ж.А. ўқитувчи А.С томонидан дарсга жалб қилиш жараёнида, ўқувчи Ж.А ҳақоратли сўзлар айтган. Ҳақоратларга чидай олмаган ўқитувчи ўқувчига тарсаки туширганлиги маълум бўлган.

Ушбу ҳолат бўйича (бўлиб ўтган воқеа ва ўқувчини тартибга чақириш юзасидан) ўқитувчи мактаб директори ва мактаб психологига мурожаат қилган. Мактаб ўқитувчилари, ИИБ вакили иштирокида жараёнлар директор раислигида муҳокама қилиниб, одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилмаганлиги учун ўқитувчига таълим муассасаси раҳбари томонидан танбеҳ берилган. Ўқитувчи ҳақоратларни эшитиб, айбдор бўлганлиги учун ишдан бўшаши тўғрисида ўз хоҳишига кўра ариза ёзган.

Хизмат текшируви жараёнида 4 умумтаълим мактаби ўқитувчиси А.С ўз хатти-ҳаракатлари билан 2022 йил 28 июлда Халқ таълим вазирининг 246 сонли буйруғи билан тасдиқланган, умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаганлигини аниқланди. 

Ургут тумани 4 умумтаълим мактаб ўқитувчиси А.С.нинг ҳомиладорлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексининг 100 моддасига кўра, ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслик тушунтирилди.

Аммо ўқитувчига ўз аризасига кўра ишдан бўшади.
Ҳозирда ҳар иккала шахснинг руҳий ҳолати мутахассислар назоратига олинган.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15