МАҲАЛЛА РАИСЛИГИГА МУНОСИБ ИНСОН САЙЛАНАДИ

Туман ҳокимлиги мажлислар залида "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини самарали ташкил этиш ва ўтказиш" мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Туман ҳокимлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, туман Адлия бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда маҳалла институти мавқеини янада оширишга эътибор қаратилаётгани, ўз навбатида ушбу тузилма аҳолининг кўплаб муаммоларини ҳал этишда асосий кўмакчига айланиб бораётгани таъкидланди.

Бугун туманимизда 102 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Шу йилнинг май ойида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтади. Биламизки, йиғин раиси ваколат муддати икки ярим йилдан уч йилга оширилди, сайловда иштирок этувчи вакиллар ҳудудда истиқомат қилувчи сайлов ёшидаги фуқароларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги зарур. Йиғин раислигига муносиб инсон келиши эса сайлов жараёнининг нечоғлик холис ва адолатли ўтишига боғлиқ. Шу асосда иштирокчиларга "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳияти, сайловни ўтказиш тартиби бўйича тушунтиришлар берилди.

- Ўқув-семинарда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар, ишчи гуруҳнинг вазифалари, бириктирилган ходимлар масъулияти бўйича маълумотлар олдик, - дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раиси ўринбосари Ш.Алиев - Бу ерда олган билим ва кўникмаларни ҳар биримиз маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама қиламиз.
Сирожиддин ТАЙЛОНОВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15