ЖАМОАТЧИ КЎЧАБОШИЛАР ТАШАББУСИ

Маҳаллаларда фаолларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда «Жамоатчи кўчабошилар» тамойили асосида тизимли ишлаши ташкил этилмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Алиевнинг маълум қилишича, нуроний оқсоқоллар, фаол тадбиркорлар, профилактика инспектори, патронаж ҳамширалар, имом-хатиблар, педагоглар, жамоатчи фаол ёшлар ҳамкорликда график асосида хонадонларга кириб, оилалар билан ишлайди. Бунда оилаларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш имконияти, шунингдек, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган оилалар, жиноят содир этганлар, ишсиз, жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиққанлар, нотинч оилаларга асосий эътибор қаратилади.

Туманимиздаги Мерганча маҳалласида бугунги кунда 361 хонадонда 2120 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Маҳалла ҳудудида тўртта кўча бўлиб, уларга тўрт нафар кўчабоши тайинланди. Маҳаллада ўзаро ҳурмат-иззат муҳити ҳукмрон. Оилавий тадбиркорлик, томорқачилик кенг ривожланган. Энг асосийси, охирги бир йил давомида бу маҳаллада жиноятчилик анча камайган.

- Маҳалламизда кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга фахрийлар кўп, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўйчи Муродов. - Халқнинг ҳурмат-эътиборини қозонган нуронийларимиз доимо маҳалла идорасига келиб, амалга оширилажак ишлар, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида ўз фикрларини, маслаҳатларини бериб боришади.

Уларнинг гапи маҳалла аҳли учун ҳам, фаоллар учун ҳам қонун. Кўчабошиларни тайинлашда биз мана шундай инсонларни жалб қилишга эътибор қаратдик. 

Қутбиддин Муҳиддинов ҳамда Амир Темур номли кўчаларга масъул Абдуҳалим Рашидов бошчилигидаги гуруҳ аъзоларининг ташаббуси билан ажрим ёқасида турган учта оила яраштирилди. Улар томонидан фидойилар, тадбиркорлар, фаол ёшлар, аъло ўқийдиган ўқувчилар, намунали оилалар аниқланиб, тажрибаси кенг оммалаштирилмоқда.

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, ҳалол меҳнати ортидан нафақат оила фаровонлигини таъминлайди, балки муайян соҳа ривожига ҳисса қўшади, эл орасида ҳурмат топади, обрў-эътибор қозонади. Ушбу маҳаллада яшовчи Акрам бобо Орипов ҳам ана шундай инсонлардан. У ҳаётини деҳқончилик ва боғдорчиликка бағишлаган. Қаровсиз ерларни ўзлаштириб, боғу роғга айлантириш, янги экин турларини ҳудуд иқлимига мослаштириб, ҳосил олиш борасидаги ишлари уни элга танитган. 

- Биз 14 та хонадон аҳлини йиғиб, Ғолиб Мейлиев оиласини намуна сифатида эътироф этган бўлсак, ёш тадбиркоримиз Абдуманнон Қутбиддиновнинг иш тажрибасини тенгдошларига ўрнак сифатида оммалаштирдик, - дейди «Жамоатчи кўчабоши» Олим Йўлдошев. - Тадбиркор томонидан полиэтилен қоплар ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиб, 30 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. 

Мерганча массивида жойлашган "Ургут кўркам тектиль" корхонасида 22 нафар ёш йигит-қиз иш билан таъминланган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхона ишчилари ўртача 900000-1000000 сўм миқдорида маош олмоқда.

Ёш тадбиркор Бобур Аҳмеджонов асос солган бу корхонада матоларга, хотин-қизлар ва болалар кийимларига ялтироқ тош босилади. Тайёр маҳсулотлар республикамиз бўйлаб бозорларга жўнатилади. Харидорларга қулайлик яратиш мақсадида корхона ҳудудида янги савдо дўкони очилган.

- Дастлаб оила аъзоларимиз билан иш бошлаганмиз, - дейди корхона иш юритувчиси Гулшан Абдуллаева. - Келгусида янги иш ўринлари яратиб, ишлаб чиқариш турларини кўпайтириш ниятидамиз. 
 

Н.ҲАМИДОВА

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15