ЎЗБЕКИСТОНДА 1 НОЯБРДАН БОШЛАБ ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР КУЧГА КИРАДИ?

Адлия вазирлиги Ўзбекистонда 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб кучга кирадиган бир қатор муҳим янгиликлар ва ўзгаришлар рўйхатини тақдим этди.

Мобил қурилмалар рўйхатга олинади.
Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларнинг IMEI кодлари рўйхатга олинади. Бунда рўйхатга олиш жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали 2019 йил 1 ноябрдан бепул, 2019 йил 1 декабрдан эса пулли асосда амалга оширилади.

Ҳисоблагичлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қиёсловдан ўтказилади.
2019 йил 1 ноябрдан бошлаб ҳисобга олиш ускуналарини қиёсловдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Бунда, ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги:
юридик шахслар учун — 4 йил;
жисмоний шахслар учун — 8 йилни ташкил этади.

Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ўз тарбиясига (патронат) олаётган ёки оилавий болалар уйи ташкил этаётган фуқароларни тайёрлаш мақсадида «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчаларида Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ошади.
Сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг базавий тариф ставкаларига 2019 йил 1 ноябрдан 1,1 ва 2020 йил 1 январдан 1,2 миқдорда тузатиш коэффициентини қўллаш ҳисобига уларнинг иш ҳақи оширилади.
Сув қудуқларини қазиш учун рухсатнома тегишли идоралар билан келишилгандан кейин берилади.
2019 йил 1 ноябрдан 2021 йил 31 декабргача Нурота, Қўшработ ва Зомин туманларида жойлашган конлар ҳудудида сув олиш учун қудуқларни қазишга рухсатнома Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан мутасадди идоралар билан келишилган ҳолда берилади. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун мўлжалланган қудуқлар бундан мустасно.

Юқори туристик салоҳиятли фуқаролар йиғинларининг рўйхати тузилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинлари рўйхатини шакллантиради. Шунингдек, ушбу фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 20 тадан кам бўлмаган оилавий меҳмон уйлари ташкил этилганда ва туристлар учун камида беш хил хизмат тури кўрсатилган тақдирда уларга «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» ёки «Туризм овули» мақоми берилади.

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15