24 октябрь – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни.

Бугун Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари ва Халқаро ташкилотлар билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳамкорлик географияси йил сайин кенгайиб боряпти. Жумладан, 2018 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонни 180 га яқин давлатлар тан олди. Шулардан 134 таси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Ўзбекистон юздан ортиқ халқаро ташкилотлар аъзосидир. Юртимизнинг ана шундай халқаро ташкилотлар билан муносабатларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти муҳим аҳамият касб этади.

ТАШКИЛОТНИНГ ТАЪСИС ЭТИЛИШИ

Ер юзида тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) 1945 йилда тузилди. Уни барпо этиш ҳақидаги қарор Собиқ иттифоқ, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги кенгашида – 1943 йилда қабул қилинганди.

Орадан икки йил ўтиб, Сан-Франциско конференциясида унинг устави қабул қилинди. БМТ уставига дастлаб 51 давлат имзо чеккан бўлса, ҳозирда уларнинг сони 193 тага етди.

Халқаро ташкилотнинг доимий иш ўрни (штаб-квартираси) Нью-Йорк шаҳрида жойлашган. БМТ ўз аъзоларининг суверен тенглигига асосланади, уларнинг ички ишларига аралашмайди.

Унинг Уставида қайд этилган барча мажбуриятларни зиммасига оладиган давлатлар ташкилотга аъзо бўла оладилар. Янги аъзолар БМТ Хавфсизлик Кенгаши тавсиясига мувофиқ, Бош ассамблея қарори билан қабул қилинади. БМТ сессияси йилда бир марта чақирилади. Унинг расмий тиллари – инглиз, француз, рус, хитой, испан ва араб тилларидир.

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ КУНИ

БМТ Бош Ассамблеясининг 2-сессияси қарори (168-сонли резолюция)га кўра 1948 йилдан бошлаб ҳар йили 24-октябр Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни сифатида нишонланадиган бўлди. Чунки 1945 йилнинг ушбу кунида БМТнинг Устави кучга кирган эди.

1971 йилда Бош Ассамблея 26-сессиясининг 2782-сонли резолюцияси билан ушбу кун халқаро байрам куни деб эълон қилинди ва барча давлатларга мазкур кунни давлат байрами сифатида нишонлаш тавсия этилди. Шундан бошлаб ушбу кун халқаро байрам мақомини олди.

БМТ ва МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОН

ХХ аср охири ва ХХI асрга келиб халқаро ташкилотларнинг энг йириги ва нуфузлиси, таъсир доираси ниҳоятда кенг ташкилот сифатида БМТга катта эътибор қаратилди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ – 1992 йил 2 мартда Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли суверен вакили сифатида ушбу ташкилотга аъзо бўлди. Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди. Орадан бир йил ўтиб, 1993 йил 24 октябрда Тошкентда Холид Малик бошчилигида БМТнинг ваколатхонаси иш бошлади.

БМТ Бош котиблари: 2002 йил октябр ойида Кофи Аннан, 2010 йил апрель ойида ҳамда 2015 йилда Пан Ги Мун, шунингдек, 2017 йил июнда Антониу Гутерриш Ўзбекистонга ташриф буюрди.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15