Энди чекка ҳудудларда ҳам болалар боғчаси фаолият кўрсатади.

Бугун, 19 ноябр куни Ургут тумани Навбоғ, Жўраптепа ва Муродқишлоқ маҳаллаларида мобил ва модулли мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) фойдаланишга топширилди. 

Маълумот учун,  Мактабгача Таълим вазирлигининг 2019 йил 18 сентябрдаги 786 сонли қарорига асосан, мобил гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарорга асосан Самарқанд вилояти бўйича Ургут тумани танлаб олинган.

Ушбу замонавий талабларга мос жиҳозланган мобил ва модулли МТТларини очилиш маросимида туман ҳокими М.Турдиев, Халқ Қабулхонаси туман бўлими мудири А.Худайбердиев тегишли ташкилот раҳбарлари қатнашди.

Аҳоли асосан кўп қаватли уйларда, чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларда истиқомат қиладиган Навбоғ,  Жўраптепа ва Муродқишлоқ маҳаллалари аҳолиси учун бу катта қувончли ҳодиса бўлди.  

Ушбу мобил ва модулли МТТда икки сменада 32 тадан жами 96 нафар бола тарбияланади.

Мобил ва модулли МТТларида қайта жиҳозланган автобуслар, болалар майдончалари бўлган автотураргоҳдан иборат.

Улар оддий МТТларни қамров бўлмаган ҳудуд, қуриш имконсиз бўлган чекка қишлоқ жойлари, тоғли ҳудудлар ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари учун мўлжалланган.

“Isuzu HC 40” русумли автобуслар асосида ҳаракатланадиган МТТлар белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатланади. Кўчма гуруҳларда бўлиш муддати 3 соатдан ошмайди, максимал сони 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган 16 нафар болажонлар бўлади. Дарсларни барча тарбияланувчилар учун қизиқарли ташкил этиш мақсадида вазирлик мутахассислари томонидан махсус ишлаб чиқарилган турли ёшдаги гуруҳларга мос дастур асосида олиб борилади. Ўқитувчилар эса тегишли тайёргарликдан ўтишган.

Ўқув-тарбиявий жараён икки сменада, мажбурий овқатланишсиз, лекин енгил тамаддини иситиш имконияти билан амалга оширилади. Машғулотларнинг катта қисми очиқ ҳавода ўтказилиши режалаштирилган. 
Бунинг учун йўналишнинг ҳар бир нуқтасида чодир, тўсиқлар, ўриндиқлар, тепаликлар, арғимчоқлар, ўйин уйчалари ва қум майдончаси билан жиҳозланган автотураргоҳ бўлади.

Мобил ва модулли МТТларни қуриш ва пардозлаш ишларида иссиқликка, оловга чидамли ва соғлиқ учун зарарсиз бўлган материаллар қўлланилган.

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15